15:25 / 18.09.2021
3 503

«Жаноза ўқиладиган хонадонда ҳам коррупцияни кўрдим…»

«Жаноза ўқиладиган хонадонда ҳам коррупцияни кўрдим…»
Болалигим 20-асрнинг охирига тўғри келган. 85 йилларда 12-13 ёшдаги қизалоқ эдим. Раҳматли отам ревматизм касаллигидан азият чекардилар. Шунинг учун энг қиммат пойафзал олиб киярдилар. Чехияда ишлаб чиқарилган пойафзални харид қилиш учун магазинга қайта ва қайта борганларини, онам иккисининг суҳбатларидан эшитиб қолардим. Бир гал отам «чехский туфли»ни кўтаринки кайфиятда кўтариб кириб келдилар. Онам ажабланди.

— Дарров олибсизми? Магазинда бор эканми?

— Нимасини айтасан хотин, подприлавка сотиб олдим. Райкомнинг иккинчи секретарига чой бергандим. Магазинга телефон қилиб менга керакли пойафзални зудлик билан топиб беришларини айтди.

— Войй, бунча яхши – онам астойдил қувондилар.

— Э, сен сўрама, мен айтмайин онаси, устига шапка сўради. Райком бобога айтиб ётманг, бизнинг ҳам харажатимиз бор, дейишди. Топилганига хурсанд бўлиб, шапка ўлгурни бериб олиб келавердим. Энди болаларнинг ризқидан қийиладиган бўлдида... Оёқни иссиқ тутмасам ҳам бўлмайди, азобига чидаб бўлмаяпти.

Кейинчалик отам онамга ўн икки тепки атлас совға қилдилар. Подприлавка сотиб олибдилар.

Эсимда, холаларим ва аммаларимга эргашиб магазинга борардим. Расталар бўм-бўш турарди. Подприлавкадан эса ҳамма нарса топиларди.

90 йилда 16-17 ёшларда эдим. Мактаб тадбирида бошловчи бўлганлигим учун бош ювадиган шампун қидириб кирмаган магазиним қолмади. Мендан икки уч ёш катта қўшнимизнинг қизи шампун подпрлавкада борлигини, фақат ишончли одамларга сотилишини айтиб қолди. Хуллас биринчи марта шапка бериб шампун сотиб олдим. Энди анча эсим кириб қолганди. Унча мунчага фаросатим ета бошлаганди. Кўпгина ишлар шапка билан битишини англай бошлагандим.

Шапка эса коррупция эканини янаям кейинроқ англадим.

Хўш коррупция нима ўзи?
Коррупция қандай пайдо бўлади? Коррупция – гоҳ имкониятдан, гоҳ иложсизликдан, гоҳ борликдан, гоҳ йўқликдан пайдо бўлади!
Коррупция — бирда тўқликдан, бирда шўхликдан, бирда йўқликдан, бирда ноҳақликдан пайдо бўлади!
Коррупция — бошга тушган қора кунларни бартараф этиш имконини излаганда қаршингизда пайдо бўлади.
Коррупция босар тўсарини билмай, кўзини шира қоплаб қолганлар билан ёнма ён юради.
Коррупция — шапка, коррупция — бир пиёла чой, коррупция — пул, кўк пул, қизил пул, яшил пул, сариқ пул.
Коррупция — нажот. Коррупция — ҳожат. Коррупция— эрмак. Коррупция— бермоқ ва олмоқ...

Ҳеч қачон унутолмасам керак, 1995 йили иккинчи фарзандимга ҳомиладор эдим. ТошДУнинг журналистика факултетида сиртдан ўқийман. Сентябрь ойида навбатдаги ўқув семестрига чақириб қолишди. Шифокор кўригидан ўтганимда ҳомилам октябрнинг 15ларида туғилишини ташхис қўйишди. Демак, ўқишга борсам бўлади. Раҳматли қайнонам ҳомиладорликда ҳар нарса бўлиши мумкин, дея хотиржам бўламан, деб турмуш ўртоғимни ҳам қўшиб ўқишга юбордилар. Не ажабки ўқишнинг иккинчи куни тўлғоқ тутиб қолса денг. Тошкент туғруқхоналарига бирма бир бош суқамиз.

— Пропискада эмассиз, қабул қилолмаймиз!!! Бир хил жавобдан зада бўлиб учинчи туғруқхонага зўрға етиб келамиз. Кимдир турмуш ўртоғимга қистиришни маслаҳат беради. Қисти-қистирнинг кучи билан мени туғруқхонага қабул қилишади.

2004 йилда учинчи фарзандим дунёга келди. Эсон омон кўзим ёриди. Бироқ чақалоқнинг елкасидан синиб кетган, деб менга беришмади. 2-3 кунда ҳам фарзандимни беришмаганидан ташвишга тушиб қон босимим ошиб кетди. Безовталигимдан энсаси қотган бир шифокор аёл хонамга кириб ўзини шу туғруқхонанинг чақалоқлар шифокори эканини, ўғлимга шахсан қараб турганини ёш болаларда синиш ҳолати тезда битиб кетишини айтиб мени тинчлантирган бўлди.

Чиқиб кетиш олдидан эрингиз бефаросатроқ экан, туғдирган доя шифокорлару ҳамшираларни рози қилдилар, лекин боласига қараб турадиган шифокор каминани унутдилар деди. Мен турмуш ўртоғимга бу эътирозни дарҳол етказдим. Дадамиз шифокор опани топиб рози қилдилар.

— Опажон ўпкалагандан умид қил, дейдилар, бор умидимиз сиздан боламга яхши қаранг, нимаики десангиз тайёрман, дедилар.

Шифокор опа негадир тезда ўзгардилар. Юзларига қизиллик югургандек бўлди. Чақалоқни менга беришди. Эрим ўзини яхши тутса бир икки кунда жавоб беришини ҳам эслатиб қўйди. Хуллас чақалоғимнинг бир қўлчасини елкаси билан қўшиб бинт билан чандиб ташлашган экан. Унинг бу ҳолатини кўриб кўкракларимдан сут қочди. Кўзларимдан ёш қуримади. Шифокор аёл эса уйга кетаверишимизни эҳтиёт бўлсак чақалоқнинг елкаси 20 кунликкача битиб кетишини айтди. Ота онани яратмасин экан чақалоқни бир каттакон орқали айттириб болалар травматологига кўрсатдик. Елкасидан синиши оқибатларидан ҳавотиримизни маълум қилдик. Травматолог шифокор болани стол устига қўйиб ечинтирди. Бинт билан чандиб ташланган елкасини бинтдан халос қилди. Ажабки болажоним елкага қўшиб боғлаб ташланган қўлчалари билан бўйин соҳасини тимдалаб яра қилиб ташлаганди. Травматолог шифокор боланинг елкасидан синмаганини, агар синганида бола бармоқларини қимирлата олмаслигини, бола мутлоқо соғломлигини, бу бир англашилмовчилик эканини маълум қилди.

Ўшанда коррупция аслида туғруқхонадан бошланишини англаганман. Коррупциянинг ҳам дояси бўлишини англаганман. Коррупция чақалоқдек туғилишини англаганман. Туғилгандаям худди чақалоқдек уни кутаётганларни хавотир ва ҳадикка буркаб туғилишини англаганман.

Коррупция бола каби улғаяди, вояга етади. Коррупция ўниб ўсади. Назаримда коррупциянинг жони борга ўхшайди. Коррупция ўз-ўзидан кўпайиб кетаверади.

7-8 синфларда ўқиб юрганимда зоология фанидан сохта оёқлилар синфига мансуб бир хўжайрали умурқасиз ҳайвон – амёбалар ҳақида мавзу бўларди. Айнан шу мавзудан аъло баҳо олганим эсимда. Негадир коррупцияни ана шу умуртқасиз бир хўжайрали ҳайвонга ўхшатаман. Мазкур ҳайвон ҳамма жойда яшай олади. Сувда, тупроқда, қумда, денгизда, боғу роғларда, далаларда...

У ўз-ўзидан кўпая олади. Менимча, коррупциянинг ҳам худди амёбадек қаттиқ қобиғи бўлмайди, шу сабабли шакли доим ўзгариб туради, мен коррупциянинг жуда кўп шаклларини кўрдим. Темир, макулатура, пахта, уй, машина, чой, ресторан, воажаб мен коррупцияни ҳатто жаноза ўқиладиган хонадонда ҳам эмин эркин юрганини кўрдим. Майитнинг устига қимматроқ материаллардан ташланмаса, пулни ҳам кўпроқ қўйилмаса, майитга қийин бўлишини айтиб майитнинг хонадонидагиларга қийинчилик туғдирган вазиятларда кўрдим.

Мен коррупцияни ажириққа ўхшатдим. Ажриқни чопиб ташлаган сари унинг гуркираб ўсишини коррупцияга менгзадим. Таг-туги билан суғуриб ташланса ҳам яна айнан ўша ердан, суғуриб ташланган жойидан яна оппоқ ниш уриб чиқади. Гуркираб-гуркираб чиқади. Барқ уриб-барқ уриб чиқади. Ярқираб-ярқираб чиқади. Кўкариб-кўкариб чиқади. Сабаби ернинг юрагида унинг жон томирлари бўлади. Патила-патила томирлари бўлади. Қатила-қатила томирлари бор бўлади. Жамалак-жамалак томирлари бўлади. Бу томирлари ернинг юрагидан озиқ олади.

Шунингдек, коррупция ҳам ҳар биримизнинг томиримизда оқаётган қонимизнинг таркибида. Коррупция ўлганимизда, ёхуд қабрда тинади.

Райҳон Раҳимова,
журналист

Манба: Xabar.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » «Жаноза ўқиладиган хонадонда ҳам коррупцияни кўрдим…»
[/banner_pushhouse