18:18 / 18.10.2021
1 796

Ўзбекистон ва Афғонистоннинг янги ҳукумати ўзаро «йўл харитаси» ишлаб чиқади

Ўзбекистон ва Афғонистоннинг янги ҳукумати ўзаро «йўл харитаси» ишлаб чиқади
Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
16 октябрь куни Термизда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ва Афғонистон муваққати ҳукумати вакиллари музокаралар ўтказди, деб хабар беради ТИВ матбуот хизмати.

Ўзбекистон делегациясига бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раҳбарлик қилган. Афғонистон томонидан эса «Толибон» бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдулла Салам Ҳанафий қатнашган.

«Gazeta.uz»нинг «Толибон» расмий вакили Забиҳулла Мужоҳидга таяниб ёзишича, афғон делегацияси таркибида, шунингдек, ТИВ вакиллари, Иқтисодиёт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Таълим вазирлиги ва бошқа бир қатор ташкилотлар, қолаверса, тадбиркорлар гуруҳи ҳам бўлган.

Унинг сўзларига кўра, томонлар, айниқса, қиш мавсуми давомида икки томонлама савдони кенгайтиришни, шунингдек, Афғонистонга етказиб берилаётган ёнилғи ва биринчи галдаги зарурий товарлар ҳажмини оширишни муҳокама қилган. Шу билан бирга, афғон тадбиркорлари учун транзит имкониятларини кенгайтириш, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш, Сурхон—Пули-Хумри электр узатиш тармоқлари ва Мозори-Шариф—Кобул—Пешовар йўналиши бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳалари муҳокама қилинган.

Музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон ва Афғонистон «бир неча соҳаларда ишчи гуруҳлар тузган». Томонлар 10 кун ичида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси»ни тайёрлайди ва уни икки мамлакат раҳбарларига тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Афғонистон муваққат ҳукумат раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдул Кабир бошчилигидаги Афғонистон раҳбарияти вакиллари билан музокаралар ўтказганди. Учрашув давомида томонлар яқин орада Термиз шаҳрида савдо-иқтисодий масалаларини, жумладан, Сурхон — Пули-Хумри электр узатиш тармоқлари ва Мозори-Шариф—Кобул—Пешовар йўналиши бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун қўшма музокаралар ўтказиш тўғрисида келишиб олганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон ва Афғонистоннинг янги ҳукумати ўзаро «йўл харитаси» ишлаб чиқади