22:48 / 20.10.2021
1 558

Боланинг иштаҳаси очилишида ёрдам берадиган 5 тавсия

Боланинг иштаҳаси очилишида ёрдам берадиган 5 тавсия
Фото: «Aif.by»
«Боламнинг иштаҳаси яхши эмас» – педиатрлар деярли ҳар бир онадан эшитадиган жумлалар. Одатда овқатдан бош тортишга болаларча инжиқлик деб қаралади. Лекин баъзи ҳолларда бу жиддий аломат бўлиши мумкин ва уни эътиборсиз қолдириб бўлмайди.

Иштаҳа йўқолишига олиб келадиган касалликларни бартараф этинг
Гижжа. Иштаҳа йўқлигидан ташқари, тез чарчаш, сўлакнинг кўпайиши, асабийлашиш, уйқуда безовталаниш кузатилади.
Дисбактериоз. Қорин оғриғи, дамланиш, ич келишининг бузилиши билан кузатилади.
Анемия. Қонда гемаглабин пасайиши, заифлик, бош айланиши, тери ранги синиқлиги билан кузатилади.

Шунингдек, болаларда иштаҳа жигар касаллиги, стоматит, витаминлар етишмаслиги билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Агар иштаҳасизлик оғриқ, кучсизлик, кўнгил айниши ва бошқа белгилар билан намоён бўлса, шифокор кўригидан ўтиш зарур.

Овқатланиш режимига риоя қилинг
Овқатланиш режимининг бузилиши болаларда иштаҳа ёмонлашишининг асосий сабабидир. Бола овқатни назоратсиз қабул қилади, баъзида нонуштани ўтказиб юборади, кечки пайт овқатланади ва дарҳол ётиб ухлайди. Шу ва шунга ўхшаш ҳолатлар нафақат ёмон иштаҳага, балки ошқозон-ичак тизими касалликларига ҳам олиб келади. Бола ҳар куни бир вақтда овқатланса, рефлекс ҳосил бўлиб, овқатланиш вақти келганда ошқозон секрецияси жонланади ва овқат ҳазм қилиш жараёнига тайёр бўлади. Агар бола ўз вақтида овқатланса, яхшилаб чайнаса ва кундалик режимга риоя қилса, иштаҳа билан боғлиқ муаммолар бўлмайди.

Ширинликларни чекланг
Кўпинча болани овқатлантириш истагида ота-оналар унинг инжиқликларини рағбатлантиради ва унга соғлом овқат эмас, балки хоҳлаган нарсасини беради. Болалар эса одатда ширин нарсани яхши кўради. Шакарли нарса билан аралашган овқатлар очлик туйғусини сусайтиради, сўлак ишлаб чиқаришни камайтиради. Ширинликлар билан тўйган бола бошқа овқатларга эҳтиёж сезмаса ҳам, организм витамин ва микроэлементларга муҳтож бўлади. Очликни ширинликлар билан алдашга рухсат берманг, ширинликларни алоҳида, боланинг қорни тўқ вақтида бериш тавсия этилади.

Фаол турмуш тарзини олиб боринг
Пассивлик боланинг иштаҳасини пасайтиради. Компьютер ва телефон олдида вақт ўтказган болалар кўп калория сарф қилмайди, озиқ моддаларга эҳтиёжи бўлмаган организмда очлик ҳисси камаяди, натижада бола истамайгина овқатланади. Очиқ ҳавода ўйнаш, жисмоний машқлар катта энергия сарфини келтириб чиқаради, организмни озиқ-овқатларга бўлган эҳтиёжини оширади. Натижада боланинг иштаҳаси очилади.

Мева, сабзавотлар ва уларнинг шарбати
Ҳар қандай олма, айниқса, нордонлари, апельсин, лимон, қизил сабзи, помидор, бодринг, асал озгина сув билан — буларнинг ҳаммаси иштаҳани яхшилайди. Юқоридагиларнинг ўзини ёки шарбатини овқатланишдан ярим ёки бир соат олдин истеъмол қилиш тавсия қилинади. Шунингдек, улар витамин ва микроэлементларга бойлиги билан ҳам фойдалидир.

Шифокор Хуршид Аъзамхўжаев тавсиялари асосида тайёрланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Боланинг иштаҳаси очилишида ёрдам берадиган 5 тавсия