18:29 / 23.11.2021
3 345

Тилла, кумуш ва бошқа заргарлик буюмларини тўғри тозалаш бўйича тавсиялар

Тилла, кумуш ва бошқа заргарлик буюмларини тўғри тозалаш бўйича тавсиялар
Фото: «Домашний очаг»
Вақт ўтиши билан қулоқ, бўйин ёки қўлга тақилган заргарлик буюмларида ёғ қатлами ва ўлик тери ҳужайралари тўпланади. Аёлларнинг жон-у дили бўлган заргарлик буюмлари эҳтиёткорлик билан парвариш қилишни талаб қилади. Уларни уй шароитида вақти-вақти билан тозалаш бўйича тавсияларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Заргарлик буюмларини қандай тозалаш керак?
Заргарлик буюмларини тозалашнинг энг яхши усули – бу тиш чўткаси ва оддийгина идиш ювиш воситаси. Баъзи заргарлик дўконларида тез тозаловчи суюқликлар сотилади, улар том маънода тақинчоқлардаги бактерияларни йўқотади. Бу энг самарали усул, аммо, афсуски, барча заргарлик буюмлари бунга бардош бера олмайди. Олмос ва сапфир каби қаттиқ қимматбаҳо тошлар жуда қаттиқ бўлса-да, албатта, мутахассис билан маслаҳатлашиш зарур. Уларни юмшоқ, нам мато билан тозалаш энг хавфсизидир. Айтганча, ҳозирда заргарлик буюмлари учун махсус матолар ҳам мавжуд.

Қаттиқ қимматбаҳо тошлар
Олмос, сапфир ва ёқутларга зарар бермаслик учун улар жуда эҳтиёткорлик билан тозаланиши керак. Уларни тозалаш учун янги тиш чўткаси, илиқ сув ва тозалаш воситасидан фойдаланиш лозим. Заргарлик буюмлари оқава сувга тушиб кетмаслиги учун чуқур идишда ювиш тавсия этилади.

Ўта нозик қимматбаҳо тошлар
Опал ва зумрадлар жуда инжиқ тошлар қаторида эҳтиёткорлик билан парвариш қилишни талаб қилади. Ушбу тошлар ўта мўрт бўлиб, ёриқларидан сув осонликча кириши мумкин. Уларга маълум шаклни бериш учун махсус мойдан фойдаланилади. Шунинг учун заргарлик буюмларини тозалашда сув ёки эритувчилардан фойдаланиш қатъиян ман этилади. Профессионал ёрдам учун заргарлик дўконига бориш яхшироқдир.

Кумуш
Маълумки, кумуш тезда хиралашади ва асл кўринишини йўқотади. Ёрқинликни тиклаш учун заргарлик буюмларини кимхоб ёки мовут билан ишқалаш лозим. Кумушни порлатиш учун махсус воситалар ҳам мавжуд, аммо улар барча заргарлик буюмларига мос келмайди.

Тилла
Ушбу севимли металл ҳам тездагина ўз кўринишини йўқотади, хиралашади ва кирлар билан қопланади. Бу каби заргарлик буюмларини тиш чўткаси билан илиқ совунли сувда тозалаш тавсия этилади. Агар у фойда бермаса, махсус тилла тозалаш воситасидан фойдаланиш мумкин. У йирик заргарлик дўконларида сотилади.

Марварид
Марварид заргарлик буюмлари ичида ҳашаматлиси бўлиб, бошқалари каби тўғри парвариш қилишни талаб қилади. Мунчоқлар думалоқ шакли туфайли одатда ифлосланмайди, лекин улар бир қаторга терилган ип тезда кир бўлади. Марварид маржонларни тозалаш учун ҳар уч йилда бир марта уларни янги ипга ўтказиш керак. Шунинг учун ҳам бу ишда профессионаллар ёрдами, албатта, керак бўлади.

Платина
Платина жиддий куч ва харажатларни талаб қилмайдиган бардошли ва ишончли металлдир. Уни тозалаш учун илиқ совунли сув ёки махсус олтин тозалаш воситасидан фойдаланиш кифоя.

Кумуш ва олтин тўғноғич, занжир ва зиракларни истеъмол содасини илиқ сувда эритиб, тозалаш мумкин. Бунинг учун ярим литр сув ва бир ош қошиқ истеъмол содаси кифоя.

Мис ва никел қотишмасидан ясалган заргарлик буюмларини тиш пастаси ёки унинг кукун кўринишидагиси билан тозалаш мумкин. Сўнгра у жун мато билан қуритилади.

Қаҳрабо ва фил суягидан ясалган заргарлик буюмларини совунли илиқ сувда ювиш ва кейин қуритиш мумкин. Агар фил суягидан ясалган заргарлик буюмлари қорайган ёки бўялган бўлса, у 10 дақиқа давомида енгил оқартирувчи эритмада намланади, кейин ювиб, жундан тўқилган енгил мато билан артилади.

Тилла заргарлик буюмларини совунли эритмага 15-20 дақиқага ботириб, кейин тиш чўткаси билан тозалаш яхшироқ. Тилла занжирларни пластмасса ёки шиша идишдаги совунли сув билан тозалаш керак. Занжир идишга солинади, шиша маҳкам ёпилиб, бир неча марта силкитилади. Беш дақиқадан сўнг жараён такрорланади. Сўнгра занжир олиниб, жун матога ёйилади, у ишқаланмасдан, артилмасдан қуритилади.

Кумуш буюмларни болалар совуни ва оқ бўрнинг тенг нисбатдаги аралашмасида тозалаш мумкин. Икки маҳсулот силлиқ бўлгунга қадар суюқ масса тайёрланади. У узук, билагузук, маржонларга суртилади ва юмшоқ мато билан яхшилаб артилади, сўнгра тоза мато билан қуритилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тилла, кумуш ва бошқа заргарлик буюмларини тўғри тозалаш бўйича тавсиялар