“Гўё биз театрдаги қўғирчоқ” – талабаларнинг анъанавий таълимга қайтилишига муносабатиЖамият 18:20 5629
Талабаларнинг қишки таътили 11 январда тугаши керак эди. 7 январда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таътил 24 январгача узайтирилишини эълон қилди. 20 январда эса Махсус комиссия қарори билан дарслар 24 январдан онлайн бошланадиган бўлди. Аввалги қароридан кўп ўтмай махсус комиссия дарслар 7 февралдан яна анъанавий шаклга қайтарилиши ҳақида янги қарор чиқарди.
Бу қарорларнинг энг кўп жабрдийдаси – вилоятлардан пойтахтга келиб ўқийдиган талабалар бўляпти. Бундай қарорларга муносабатини билиш учун шундай талабаларга микрофон тутдик.
Мансур Ёриев, Тошкент давлат транспорт университети талабаси: – Бир гуруҳ дўстларимиз билан ижарада турамиз. Ўтган йили ҳам бир неча марта онлайн ва офлайн тизимга қайта-қайта ўтилгани учун жуда кўп сарсонгарчилик бўлганди. Айниқса квартира масаласи жуда қийин. Онлайн тизимга ўтганимиз учун ижарада турган жойимизни эгасига топшириб келгандик. Ҳозир у жойга одам олишибди. Энди яна ижара излаб сарсонимиз чиқади. Оладиган стипендиямиз 500 минг сўм, ижара пули 600 минг сўм. Бир пайтлар талабада ҳам ошқозон деган нарса бўларди. Ҳаммаси бўлиб, бир ойда 2 миллион сўмга яқин сарфлаймиз. Олийгоҳни битириб 1,5 миллион ойликка ҳам зўрға иш топамиз.
Абдумаликов Лочин, Тошкент молия институти талабаси: – Халқимиз фавқулодда “ўта фойдали, халқни ўйлаб чиқариладиган” қарор ва қонунлар"га ўрганиб ҳам қолди. 7 январда қишки таътилимиз 24 январгача узайтирилди, кейин 24 февралгача онлайн ўқийдиган бўлдик, энди эса яна анъанавий таълимга қайтарканмиз. Креслода ўтирганча, хоҳлаган қарорни чиқариш маза бўлса керак. Битта қоғоз, тўртта гап битта имзо. Масала ҳал. Халқ билан, талабалар билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Гўё биз театрдаги қўғирчоқ. 20 январгача айрим талабалар қўшимча курсларга қатнаш учун ўқиш жойига келиб қўйишганди. Онлайн ўқиш қарори чиққач, талабалар яна уйларига кетишди. Квартирада турадиган талабалар квартирасини ҳам топшириб кетганди. Энди улар яна квартира қидириб сарсон бўлади. Квартира тополмаган талабалар вокзалларда тунаб қоладими? Энг ёмони олийгоҳларимиздаги таълим сифати шунча саргардонликларимизга арзимайди. 1-, 2- ҳатто 3-курсда ўқишини ташлаб кетаётган талабалар бунга исбот.
Бухоро давлат университети, талаба қиз: – Бир қараса онлайн, бир қараса, офлайн таълимга ўтказилгани бошқа вилоятларга бориб ўқиётган талабаларга ҳам қийинчилик туғдирди. Талабалар билетига 50 фоиз чегирма берамиз дейишди. Лекин 2 марталаб билетни алмаштиришга тумандан вилоят марказига бориб келишга 50 минг пул сарфлаб қўйяпмиз. Буни ким қоплаб беради? Ўқиш бошланса, шу пулга биз 1 ҳафта тушлик қилардик. Дарсга кеча еган овқатимиз билан келган вақтларимиз ҳам кам бўлмаган. Яна бир гап, ҳозир анъанавий дарсга қайтяпмиз, вирус кўпайса бизни бир ҳафтадан кейин яна онлайн таълимга ўтказасизларми?
Молия институти, талаба йигит: – Биз онлайн таълимга энди кўникаётганда, яна анъанавий таълимга қайтинглар дейишди. Шу пайтда “Биз билгандик, биз кутгандик бунақа ўзгаришлар бўлишини. Лекин тушимизга ҳам кирмайдиган бунақа ўзгаришлар бизни жуда хафа қилиб юборди, дегинг келади.
Халқаро пресс-клубда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов “келишни хоҳламайдиган талаба 24-февралда офлайн қилиб қўйсак ҳам келишни истамайди”, деди. У тўғри айтди. Талабанинг университетга келишни истамаётгани сабаблари бор. Масалан, дарслар 80 дақиқа. 40 дақиқадан кўп маърузани эшитиш мияни чарчатади. Қолаверса, маърузачи домлаларнинг айримлари, айтадиган маълумоти қолмагач, дарснинг ярмини ўзининг шахсий ҳаётини гапириб бериш билан ўтказади. Бундан ташқари, университет дарвозасидан кирганда декан ўринбосарлари талабани сўроқ қилишни бошлайди: “Эй, шошма, орқангга қайт, форманг қани, неча марта огоҳлантирдим, оқ кўйлагингни нима қилай, галстук қани?” Хуллас, эрталабдан талабанинг кайфияти бузилса, у ўқишга боришни қандай хоҳласин? Бир парча галстук, оқ, қора, қизил кўйлак талабанинг билим олишига умуман таъсир қилмайди. Ўқитувчиларда дарс ўтиш, талабани йўналтириш маҳорати бўлмаса, талабанинг формасига айбни тўнкаш керак эмас, ҳурматли вақт қотиллари.
Навоий давлат педагогика институти талабаси, Тоҳиржон Эрназаров: – Қарор ортидан талабанинг билим олиши кераклиги уқтирилаётган бўлса-да, танганинг иккинчи томонига яна кўз юмишди. Талабалар турар жойи ҳар доимги долзарб масала. Биргина бизнинг Навоий давлат педагогика институтида 10 мингдан зиёд талаба таҳсил олади. Жами 900 ўринли 4та ТТЖ мавжуд. 11 талабадан бири шу бахтли чиптани қўлга киритса, қолган 10 талаба кўчада қолишга мажбур. Айни дамда барча талаба ижара уйидан чиқиб кетган. Ўрнига бошқа одам қўйилган. Энди шароити ёмон бўлса ҳам яшаб кетишига кўзи етган талаба арзон жой топади. Хўп, шароит йигит киши учун муаммо бўлмас, аммо қизларнинг хавфсизлигига ким жавоб беради? Курсдош ва танишларимнинг кўпи бу масалада онлайндан офлайнга, офлайндан онлайнга ўтавериб, шу пайтгача кўп қийинчиликка дуч келди.
Айни дамда ўқиб билим ва касб ўрганиши керак бўлган ёшлар шартнома, ижара, кундалик эҳтиёжини деб ўқишдан кейин (баъзан дарс қолдириб) кафе-барларда ишлаб юрибди. Вазирлик яратиб берган қайси шароити учун яхши кадр кутяпти, ҳайронман?!
Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёти университети талабаси, Абдулазиз Аҳмедов: – Мен соҳам юзасидан ҳам ўқиб, ҳам ишлайман. Тўғриси, бугун назарий билим олиш учун қайсидир ўқитувчига термулиб ўтириш шарт эмас, деб ўйлайман. Чунки олий ўқув юрти мактаб эмас. Бу ерда соҳага йўналтирилади, холос. Контракт тўлаб олийгоҳда ўзининг танлови билан ўқиётган талабани давомат деб сўроққа тутишимиз керак эмас. Шунинг учун бир кун офлайн икки кун онлайн ўқишни жорий қилишдан кўра, ривожланган мамлакатларнинг ўқитиш тизимидаги талабанинг ўзи қизиққан фанларини танлаган ҳолда фан ўқитувчиси ва илмий раҳбар билан индивидуал шуғулланганлиги маъқул деб ўйлайман. Қизиқмаган нарсаси учун талаба эътибор қаратмас экан, ундан яхши кадр чиқмайди. Боз устига, ўқитиш тизими кунда алмашаётган бир пайтда талабаларнинг яшаш масаласи ҳам мушкул ва долзарб масала. Аслида, мен учун онлайн тизими жуда қулай. Чунки, ўқийдиган одам учун қайси тизимда ўқишнинг аҳамияти йўқ масофавий бўлса ҳам ўқитувчидан кўрсатма олиб ўрганаверади. Онлайнда яшаш ва пул муаммосисиз бемалол ўқиса бўлади.
Умида Сатторова тайёрлади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Трамп қайси хорижий мамлакатлар етакчилари билан телефонлашгани маълум бўлди