Ўзбек рақс санъати оғир жудоликка учради. Таниқли раққоса, ўзбек рақс санъатида ўз мактабини яратган “Ўзбекистон халқ артисти” Қизлархон Дўстмуҳаммедова 77 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги хабар берди.
Қизлархон Дўстмуҳаммедова 1946 йил 25-октябрь санасида Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Дастлаб 1965 йилда Тошкент давлат университетини, 1977 йилда Тошкент театр ва рассомчилик санъати институти (ҳозирги Санъат ва маданият институти) тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1965 йилда Ўзбек Давлат филармонияси балет солисти сифатида бошлаган ва 1989 йилга қадар фаолият олиб борган. Кейинроқ “Ўзбекистон” Театр-студияси солисти (1989—1991), Тошкент давлат маданият институти, “Халқ мусиқаси” кафедраси ўқитувчиси (1991—1995), Халқаро “Олтин Мерос” хайрия жамғармаси қошидаги миллий мумтоз рақс дастасининг бош бадиий раҳбари сифатида (1999—2005) фаолият юритган.
Қизлархон Дўстмуҳаммедова лирик раққоса, рақслари нафис ва жозибали ҳаракатларга бойлиги билан ажралиб туради. “Гўзал”, “Тонг маликаси”, “Гўзал тонг”, “Интизор”, “Бухоро юлдузи”, “Севги таронаси”, “Нозли” каби замонавий, шунингдек, “Муножот”, “Танавор”, “Мўғулчаи сегоҳ”, “Қоракўзим”, “Гулузорим”, “Савти мискин” ва билан мумтоз рақслари машҳур.
“Шашмақом” телефильмида қатнашган (1972), “Танавор” рақс ансамбли (Сиэтл, АҚШ)да ўзбек рақсларини саҳналаштирган. АҚШ Ливия, Франция, Германия, Тунис каби мамлакатларда гастрол сафарларида бўлган. Дўстмуҳаммедова ижодига бағишлаб “Нафосат гулдастаси” номли фильм ишланган (1985). “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган (2000).
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг