Ўзбекистонлик фотосуратчилар Wiki Loves Earth фотосуратлар танловида иккинчи ўринни эгаллади.
Танлов ҳар йили дунёнинг кўплаб мамлакатларида Wikimedia фонди ва унинг маҳаллий филиаллари кўмагида ўтказилади.
Танловнинг мақсади табиий мерос объектларининг (қўриқланадиган табиий ҳудудлар, қўриқхоналар, буюртма қўриқхоналар, миллий боғлар ва бошқалар) ноёб тасвирларини яратишдан иборат. Ушбу танлов туфайли жаҳоннинг миллионлаб кишилари сайёрамизнинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, табиий ландшафтларнинг гўзаллиги ва хилма-хиллиги, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муаммолар ва ютуқлар ҳақида янги билимларга эга бўлишади.
Ўзбекистон ушбу танловда биринчи марта иштирок этди. 15 майдан 15 июнгача 69 нафар иштирокчи танловга 3282 та фотосурат тақдим этди. Улардан 6 нафар муаллифнинг 12 та фотосурати танловнинг халқаро босқичига тақдим этиш учун муносиб деб топилди. Ғолиблар: Марат Нажибоев, Арина Пан, Иван Кондюков, Марат Мустафин, Ярослав Галиев, Ҳумоюн Меҳридинов.
Танловда барча иштирокчи давлатлар орасида тақдим этилган фотосуратлар сони бўйича Ўзбекистон иккинчи ўринни эгаллади.