14:16 / 09.11.2023
662

Ўлмас Оллоберганов “Кутаман” қўшиғини ижро этган ҳаваскор ҳақида кескин фикр билдирди

Ўлмас Оллоберганов “Кутаман” қўшиғини ижро этган ҳаваскор ҳақида кескин фикр билдирди

“Х-фактор” кўрсатуви билан боғлиқ муҳокамалар ҳали ҳам тингани йўқ. Хонанда Ўлмас Оллаберганов ҳам кўрсатув иштирокчиларидан бири унинг “Кутаман” қўшиғини ўзгартириб куйлаганидан ранжигани ҳақида айтиб ўтди.

Тўғрисини айтсам, бир томондан жаҳлим чиқди. Чунки у ердагилар қўшиқни бузганига мазза қилишди. Ижрочи қўшиқни бошқа пардалар қўйиб айтса, “зўр-зўр” деб олқишлашяпти. Аслида қўшиқни ўзгартиришга у йигитнинг ҳаққи йўқ. Янгилик қиламан деб унга ўзгартириш киритиш шарт эмасди. Майли ижрочи ёш боладир, ҳали мусиқий саводхонлиги ёки фаросати йўқдир. Аммо у ердаги инсонлар бузилган қўшиққа бунчалик қарсак чалишлари керак эмасди. У қўшиқни яратиш учун қанча вақт ва меҳнат сарфланган. Борини чиройли қилиб ижро этганида, ютуғи шунда бўларди, — дейди хонанда Ўлмас Оллаберганов.

“Х-фактор” кўрсатувида ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлган хонанда Лола Йўлдошева Ўлмас Оллабергановнинг ёш ижрочи борасидаги фикрларига ўз муносабатини билдирди.

Иштирокчи йигит қўшиқни маромига етказиб ижро этгани учун ҳам муаллифнинг танқидига учради. Ўлмас Оллаберганов кўрсатув иштирокчиси унинг қўшиғини бузганлиги ва унинг бунга ҳаққи йўқлиги ҳақида гапирди. Унга бундай қўшиқларни куйламаслик ва дурдона асарларга тегмасликни маслаҳат берди. Аммо бу ёш йигитнинг қўшиқчилик борасида ҳеч қандай тажрибаси йўқ, устоз кўрмаган ва энди бу соҳага кириб келаётган ҳаваскор. Унинг ижросидаги қўшиқни тинглаб, кўз ёшларимни тия олмадим. Чунки у менда ажойиб туйғуларни уйғота олди, демак у сизнинг қўшиғингизни бузмаган. Ёш ижрочига нисбатан шунчалик кўп агрессия ва негатив муносабат қаердан пайдо бўлди? Унинг қанотларини синдирмай, унга ёрдам беришимиз керак, — дейди хонанда Лола.

Лола Йўлдошеванинг мурожаатидан сўнг “Х-фактор” лойиҳасининг продюсери Иброҳим Аҳмедов Instagram саҳифасига Ўлмас Оллабергановнинг интервьюсини жойлаб, видео сўнггига Камолиддин Раҳимовнинг “Кутаман” қўшиғидан ҳам парча қўйди. Видео остида кўплаб санъаткор ва блогерлар ўз муносабатларини билдиришди.

Фото: Instagram

Хонанда Лоланинг мурожаатидан кейин Ўлмас Оллаберганов яна Instagram тармоғига видео жойлади. У ёш хонандага ёки “Х-фактор”га нисбатан ҳеч қандай хусумати йўқлиги ва Лола унинг фикрларини тўғри тушунмаганини айтди.

Фото: Скриншот

Аслида яна бу ҳақида гапиришни истамагандим. Instagram тармоғида турли гап-сўзлар тарқалганидан сўнг яна мурожаат билан чиқишга мажбур бўлдим. Рости, рус тилидаги эътирозларини тўлиқ тушунганим ҳам йўқ. Фақатгина унинг гапларидан гўёки мен ёш ижрочига ҳасад қилаётгандек кўринганман. Иштирокчи йигитнинг исми Улуғбек экан, 23 ёшда эканлигини ҳам эшитдим. Агар 13 ёшда бўлганида тўғри тушунардим, аммо 23 кичик ёш ҳисобланмайди. Кўрсатувга ҳеч қандай хусуматим ва эътирозим йўқ. Лолахон менинг гапларимни тушуниб тушунмай кўролмаганликда айблади.

Мен фақатгина Улуғбек қўшиқни бузиб ижро этмасин, қандай бўлса шундайлигича ижро этсин, дедим холос. Бу қўшиқ ретро даражасига чиқиб улгурган ва унинг яратилишида анча одамларнинг меҳнати синган. Лоланинг гапига кўра мен “Ўзининг қўшиғини айтсин”, деган эканман. Аслида мен ундай деганим йўқ. Менимча Лола ва унинг мухлислари билан дунёқарашим ҳам бир-бирига тўғри келмаса керак, деб ўйлайман. Илтимос қиламанки, Лолахон нима деяётгани ҳақида яхшироқ ўйлаб кўрса бўларди, — дейди хонанда Ўлмас Оллаберганов.

Ўлмас Оллаберганов мурожаати давомида “Х-фактор” лойиҳаси продюсери Иброҳим Аҳмедовга ҳам кескин фикр билдириб ўтди.

Фото: Скриншот

Эшитишимча, у йигит аслида спорт шарҳловчиси экан. Аммо худди мени устимдан кулгандек Instagram саҳифасига раҳматли Камолиддин Раҳимовнинг “Кутаман” қўшиғидан парча қўйибди. Аслини олганда устоз ижро этган қўшиқ билан менинг ижромдаги қўшиқнинг ўртасида ҳеч қандай ўхшашлик йўқ. Яъни иккиси ҳам алоҳида композиция ҳисобланади. Фақатгина икки қўшиқнинг сўзи битта холос. Яхши шеърга ҳар хил композиция яратиш мумкин, бу cover қўшиқ ҳисобланмайди. Бу видеода худди мен Камолиддин Раҳимовнинг қўшиғини бузиб ижро этгандек кўрсатилганман. Бу қандай савиясизлик? Видео тагига изоҳ қолдираётганларнинг кўпчилигининг мусиқадан ҳеч қандай илми йўқ.

Агар тушунганида бундай фикр билдирмаган бўларди. Яна бир бор айтаман, спорт шарҳловчиси Иброҳимжон сиз ҳам озгина ишлаб, фактларга асосланиб гапирсангиз, мусиқани тушунадиган инсонлар орасида ҳам кўрсатувингизнинг обрўси ошади, деб ҳисоблайман. Ёш ижрочи Улуғбекка ҳеч қандай эътирозим йўқ. Унинг онаси ҳам хафа бўлиб эътирозларини ёзиб қолдирибди. “Ёш йигитни қўллаб-қувватласангиз бўларди, ичқоралик қилманг”, деяётганларга жавобим, менда ҳеч қандай хусумат йўқ. Мени нотўғри тушунган бўлсангиз, гуноҳи ўзингизга бўлади. Мен гапирган гапим, ҳаракат ва санъатимга ҳам жавоб бера оламан, — дейди хонанда Ўлмас Оллаберганов.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар
Янгиликлар » Маданият » Ўлмас Оллоберганов “Кутаман” қўшиғини ижро этган ҳаваскор ҳақида кескин фикр билдирди