“25 ёшгача инсон ўзидан бошқа ҳаммани айбдор деб билади” — Конста қийин шароитда улғайгани ҳақида гапирди
Реп қўшиқлари билан мухлислар эътиборига тушган Конста “Дарё”нинг You Tube’даги каналига берган интервьюсида ҳаётидаги қийинчиликларни айтиб бериш учун тирик қолгани ва нега қўшиқларининг матнини ўзи ёзишига ойдинлик киритди.
— Мен табиатан кўнгил одамиман шу билан бирга ҳар бир ҳолатни таҳлил қиламан. Албатта, бундай инсон бўлиб шаклланишимга кўп нарсалар сабабчи бўлган. Кўп нарсалар истаймизми-йўқми болалик дамларимиз билан боғлиқ бўларкан. Масалан, мактабим уйимизда анча узоқда эди. Онам мактабга пиёда олиб бориб, яна ўзи шу ҳолатда қайтарди. Еттинчи синфдан безорилик дамларим бошланган, билимим яхши бўлса-да, дарсларга киришни истамасдим. Ўқитувчиларимнинг жаҳли чиқиб, “Ахмоқ сен нимага ўқимайсан?” дейишарди. Ундан кейин банк коллежига ўқишга кириб, мажбурликдан ўқиганман.
Коллежимиз ёнида мардикор бозори бўларди, дасрга кирмасдан мардикорлик ёки арматура ташишга чиқардик. Ёки тўйхоналарда ош ташиб ҳам тирикчилик қилардик. Аммо ўша коллежни тамомламай туриб, кетиб қолганман. Чунки коллежда дарахт экиб беришни сўрашган, аммо экилганлари кўкармагани учун мени айблашган. “Ерингнинг сифатига жавоб бермайман”, деб Гулистонга қайтиб кетганман. Эски автобусда Россияга йўлга тушганмиз, етти кун давомида қийин дамларни бошдан кечирганмиз. Бир дўстим бор “Шу кунларни айтиб бериш учун тирик қолган бўлсанг керак”, деб кўп гапиради.
Ҳаётимдаги бу тезислар кўпроқ фикр юритишимга ундайди. Яъни ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмаган. Аввалдан ўзимни ўйлантирган мавзуларда матнлар ёзиб юрганман. Восиқ деган дўстим бор, у ҳам матн ёзишимга кўмаклашади. Агар шу кунгача мингдан ортиқ матн ёзган бўлсак, 100 дан ортиқ ижодкорларнинг феноменларини ўрганганмиз. Аммо уларнинг ҳаммасида ҳам бир муаммо очиб берилган, деёлмайман. Чунки инсон 25 ёшгача барибир ўзидан бошқа ҳаммани айбдор деб билади. Ёш улғайганидан кейин дунёқараш ва фикрлар ҳам ўзгариб борар экан, — дейди Конста.
Агар Конста ўзига тўқ, муаммолардан ҳоли оилада дунёга келганида ижодкор бўлолармиди йўқми?
— Жуда зўр савол. Кўп ижодкорлар бир оз кўзга кўриниб қолгандан кейин дарров машина олади, уй олади. Мен эса ҳалигача пиёда юришимни, қандай уйда яшашимни мухлислардан яширмайман. Аммо кимдир уй ва машина ҳақида ўйлаётганда баъзи инсонлар бир нуқтадан иккинчисига етиб олиш ёки тушликка нима ейиш ҳақида ўйлаётгани ҳақида фикр юритиш керак. Пули йўқ пайтида одам қорнини тўйдириш ҳақида ўйласа, борлигида соғлом овқатланиш ҳақида ўйлайди. Яъни инсоннинг ҳамиша муаммоси бўлади, энг муҳими ўзлигига содиқ қолиши керак. 16 минг сўм пулни икки кунлик овқатга етказишим керак, деб ўйлаб юрган пайтимга ҳозиргидан анча хотиржам эдим. Муаммо инсонни фикрлашга чорлайди, уни ҳамиша нимагадир ундайди, — дейди Конста.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг