530
“Уйимни сотиб бўлса ҳам бераман” — Озодбек Назарбеков “Овоз” лойиҳасига сарфланган 2 млрд сўм ҳақида
Озодбек Назарбеков
Фото: АОКА
Бугун, 16 август куни АОКАда Маданият вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида вазир Озодбек Назарбеков жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлган “Овоз” кўнгилочар вокал истеъдодлари мусиқий лойиҳасига тўхталиб ўтди.
“Овоз” (Тhe voise of Uzbekistan) – ўзбекча кўнгилочар вокал истеъдодлари мусиқий лойиҳаси. Бу мусиқий лойиҳа нидерландиялик продюсер Жон де Мол томонидан йўлга қўйилган Тhе Voice телевизион вокал танлови форматининг ўзбекча версияси. Жорий йилнинг апрелидан “Zo‘r TV” телеканалида эфирга узатила бошланган эди. Мазкур лойиҳага бюджетдан 2 миллиард сўм маблағ сарфланган ва бу муҳокамаларга сабаб бўлиб келмоқда.
Анжуманда Озодбек Назарбеков агар жамоатчилик сарфланган маблағга эътироз билдираётган бўлса, пулни ўз ёнидан қайтариб тўлашга розилигини айтиб ўтди.
“Бир нарсани тушунинглар, бугунги кунда Ўзбекистонни нуфузини кўтаришга “Овоз” лойиҳаси ҳам хизмат қилади. Агар шунинг учун 2 миллиард сўм сарфлаш жиноят бўлса, мен бунга розиман. Бутун дунёда ягона мусиқий шоу мана шу лойиҳа бўлиб турибди ва 76 та давлатда намойиш этилади. Сарфланган 2 миллиард сўмга маломат қилаверсанглар, шу пулни ҳозир уйимни сотиб бўлса ҳам бераман.
Шундай катта лойиҳа Ўзбекистоннинг нуфузига хизмат қиладими ёки йўқми? Келинглар, шу ҳақда гаплашайлик. Бу лойиҳанинг Ўзбекистонга кириб келиши Марказий Осиёни “поқ” этиб кўзини очиб қўйди-ку. Менга телефон қилиб, “Биз қачон қатнашамиз” деб сўрашяпти. Шу керак эмасми бизга? Битта спортчи ҳам шу ишни қиляпти, нуфузимизни кўтариб бермоқда. Бу ҳам худди шунга ўхшаган, мамлакатни янада танитадиган иш. Шу билан бирга, юртимиз истеъдодларини бирдан халқаро майдонда кўрсатиб қўймоқда. Кўрсатув 76 та мамлакатга узатилмоқда, шунча давлатдан эътибор бўляпти, Ўзбекистонни дунё харитасидан қидиришяпти. Шу керак менга.
Кўрсатув орқали Кубадан ва бошқа мамлакатлардан иштирокчилар келмоқда ва қатнашмоқда. Ишонинглар, бу истеъдодларни юзага чиқишига, республикамизнинг имижига хизмат қилади. Бўлди, бошқа нарса бермайди!” деди вазир.
2 миллиард сўм ҳақида
Вазирлик томонидан 2 миллиард сўм телелойиҳа устозлари, бадиий раҳбар, мусиқа директори, созандалар учун гонорар шаклида тақдим этилди.
Ушбу ҳолат жамоатчилик ўртасида норозилик келтириб чиқаргач, бунга муносабат билдирилган ва конституцион ҳуқуқлар пеш қилинганди.
“Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига асосан, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш ва меҳнати учун адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Шунга кўра, телелойиҳадаги устозлар, созандалар ва бошқаларга меҳнатлари учун муносиб ҳақ тўланиши назарда тутилган. Маданият вазирлиги томонидан режалаштирилган мазкур харажатлар телелойиҳани ташкил этиш билан боғлиқ харажатларнинг 30 фоизини ташкил этади”, дея қайд этилган баёнотда.
“Овоз” (Тhе Voice) ҳақида
“Овоз” мусиқий лойиҳаси Тhе Voice лойиҳасининг расмий франшизаси бўлиб, Ўзбекистон шу телелойиҳани намойиш этиш ҳуқуқини олган дунёдаги 76-мамлакатдир. Лойиҳа дастлаб нидерланд продюсери Жон де Мол томонидан ўйлаб топилган ва 2010 йилда нидерланд телевидениесида намойиш этилган. Кейинчалик, худди шу форматдаги шоулар лицензия остида дунёнинг кўплаб мамлакатларида, масалан, АҚШ, Германия, Буюк Британия, Хитой, Россия, Франция, Канада, Бельгия, Туркия, Австралия, Португалия, Бразилия, Таиланд, Польша ва Испания каби давлатларда пайдо бўлди.
Фото: Интернет
Ушбу шоуни деярли барча мамлакатларнинг хусусий телекомпаниялар сотиб олади ва намойиш этади. Бирор бир давлат ушбу лойиҳа учун давлат бюджетидан маблағ ажратмаслигини эътиборга олиш лозим.
BBC журналисти Ибрат Сафо Facebook’даги саҳифасида у лойиҳага давлат пул тикиши хато экани ҳақида шундай ёзган эди:
“Нега ўзи давлат бунга пул сарфлаяпти? “Овоз” кўрсатуви ҳеч қаерда давлат даражасидаги стратегик лойиҳа эмас. У аввалига Голландияда чиққан, сўнг 60 дан ошиқ бошқа давлатлардаги каналлар ўз чўнтакларидан пул сарфлаб сотиб олишган. Британияда олдин ITV канали сотиб олди, сўнг BBC. Америкада NBC, Испанияда Аntena 3, сўнг Теlеsinsо. Қанақа давлат? Каналларнинг ўзлари уни сотиб олади – бу бозор иқтисоди дейилади. Масалан, Испанияда, тасаввур қилинг Хулио Иглесиас – маданият вазири ва бир канал “Сеньор Иглесиас, 2 млрд евро билан шуни оберинг” деб боряпти. Буни тасаввур ҳам қилиш қийин. Давлат жунига каналлар жуни аралашмайди. Нега Ўзбекистонда давлат, яъни шундоқ ҳам дефицит бюджетдан қайсидир хусусий канал лойиҳаси учун пул сарфланяпти? “Zo‘r TV” зўр бўлса, ўз пулидан сотиб олиши керакмасми?” дея ёзган эди журналист.
“Zo‘r TV” телеканалида намойиш этилаётган “Овоз” мусиқий лойиҳасининг илк мураббийлари сифатида Фаррух Зокиров, Севара Назархон, Тоҳир Содиқов ва Озодбек Назарбеков таништирилган.
Эътиборлиси, шоунинг финал босқичига унда ҳакамлик қилаётган Озодбек Назарбеков қудасининг қизи — Мадлен Шарипова ҳамда яна бир ҳакам Севара Назархоннинг жияни — Юлдуз Назархонова йўл олган. Бу эса турли эътирозларга сабаб бўлган. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди