
Жорий йилнинг 19 декабрь санасида экранларга чиқиши кутилган "Аватар: Олов ва кул" фильми франшизадаги энг узоқ давом этадиган қисм бўлиши мумкин. Бу ҳақда фильм режиссёри Жеймс Кемерон Empire нашрига маълум қилди.
“Аватар” олами янада чуқурроқ тадқиқ этилади
Режиссёрнинг таъкидлашича, франшизанинг иккинчи қисми — "Аватар: Сув йўли" қаҳрамонлар характерига етарлича эътибор берилмаган ҳолда суратга олинган.
“Фильмдаги воқеалар худди тезюрар поезд каби ҳаракатланар эди. Турли-туман саргузаштларнинг кўплиги эса қаҳрамонларга етарлича эътибор беришга тўсқинлик қилди”, — дейди Кемерон.
Янги фильмда неча дақиқа бўлиши мумкин?
Франшизанинг илк фильми 162 дақиқа, иккинчи қисми эса 192 дақиқа давом этган эди. Яқин манбаларнинг хабар беришича, учинчи қисм бу икки фильмдан ҳам узоқроқ бўлиши мумкин, бироқ аниқ вақт ҳали ошкор қилинмаган.
Франшизадаги катта ўзгаришлар ва янги сюжет қирралари
Жеймс Кемероннинг айтишича, учинчи қисмда Пандора оламининг янада мураккаб томонлари ёритилади. Илк икки қисмда асосий эътибор визуал эффектлар ва Пандора сайёраси маданиятини намоён этишга қаратилган бўлса, "Аватар 3" персонажлар характери, динамик сюжет ва драматик тўқнашувларга кўпроқ эътибор қаратади.
Фильмнинг номи "Олов ва кул" деб аталиши ҳам, эҳтимол, янги этник гуруҳлар ва янги низолар ҳақида ҳикоя қилинишини англатиши мумкин.
"Аватар" – энг даромадли франшизалардан бири
Франшизанинг дастлабки икки қисми жаҳон кино саноатида улкан муваффақият қозонган. "Аватар" (2009) премьерадан сўнг жаҳон бўйлаб 2,9 миллиард доллар ишлаб топган ва ҳанузгача тарихдаги энг кассабоп фильмлардан бири бўлиб қолмоқда. "Аватар: Сув йўли" эса 2,3 миллиард доллардан ортиқ даромад келтирган. Умумий ҳисобда, франшиза 5,2 миллиард доллардан ортиқ даромад кўришга муваффақ бўлган.
“Аватар: Олов ва кул” фильмидан томошабинлар катта умид қилмоқда. Янада чуқурроқ сюжет ва янги персонажлар фильмни нафақат визуал жиҳатдан, балки драматик қиммат жиҳатидан ҳам юқори даражага олиб чиқиши мумкин.
Жеймс Кемерон франшизани янада кенгайтирар экан, уни яна бир неча йил давом эттиришни режалаштирмоқда. Унга кўра, "Аватар" 4 ва 5-қисмлари ҳам тасвирга олиниши режалаштирилган. Бироқ ҳозирча барча эътибор 2025 йил декабрда чиқадиган "Аватар 3" фильмига қаратилган.
Сизнингча, янги фильм аввалги қисмлардан ҳам муваффақиятли чиқадими? “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар