date

Ижодкорлар сулоласи: авлодлар орқали давом этган санъат

Ижодкорлар сулоласи: авлодлар орқали давом этган санъат

Ўзбек маданияти ва санъатида кўплаб ижодкор оилалар мавжуд бўлиб, улар авлоддан авлодга ўтиб, саҳна ва экранларда ўз ўрнини мустаҳкамлаб келмоқда.

Каниза ва Муроджон Аҳмедов

Шаҳризода Аҳмедова “Каниза” тахаллуси билан эстрадада танилган. У Ўзбекистон халқ артисти Муроджон Аҳмедовнинг набираси ҳисобланади. Муроджон Аҳмедов “Ўткан кунлар” фильмидаги “Ўртар” қўшиғи ва кўплаб роллари билан халқ қалбидан жой олган. Каниза эса 2008 йилда “Ниҳол” мукофотига сазовор бўлиб, “Ҳаммаси”, “Навбат сизга етди” каби қўшиқлари билан оммалашган.

Женисбек Пиязов ва Акилбек Пиязов

Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов опера саҳнасининг юксак овоз эгаси сифатида жаҳон миқёсида ҳам эътироф этилган. У “Севилялик сартарош” ва “Фигаронинг уйланиши” операларидан арияларни ижро этган. Унинг укаси Акилбек Пиязов эса Миландаги машҳур La Scala театри саҳнасида чиқиш қилади.

Саида Раметова ва Азиз Раметов

Маҳоратли актриса Саида Раметова ўзбек кино оламида муносиб ўрин эгаллаб келмоқда. Унинг ўғли Азиз Раметов ҳам ижод йўлини танлаб, “Ўтов” фильмидаги ролидан кейин оммалашган. Бугун у ҳам режиссёр, ҳам қўшиқчи сифатида фаолият юритмоқда.

Оғабек Собиров ва Анвар Собиров

Ўзбек ва тожик халқ артисти Оғабек Собиров лазги қўшиқлари билан тингловчилар қалбини забт этган. Унинг укаси Анвар Собиров ҳам ҳофиз ва актёр бўлиб, “Жийда гули” сериалидаги роли билан танилган.

Муниса Ризаева ва Карима Ризаева

Муниса Ризаева поп эстраданинг энг фаол ва машҳур санъаткорларидан бири. Унинг “Эй само”, “Айрилма ёр” қўшиқлари тингловчиларнинг севимлисига айланган. Синглиси Карима Ризаева эса медиа соҳасида таҳсил олган ва блогер сифатида оммага танилган.

Зулфиқор Мусоқов ва Тимур Мусоқов

Зулфиқор Мусоқов “Абдуллажон”, “Осмондаги болалар” филмлари орқали миллий кинонинг янги йўналишини шакллантирган. Унинг ўғли Тимур Мусоқов эса отасининг йўлини давом эттириб, “Осмон яқин” фильмини суратга олган.

Отабек Муҳаммадзоҳид ва Гулсанам Мамазоитова

Ака-сингил хонандалардан Отабек ва Гулсанам ижоди ҳам ўзбек эстрадасида катта ўрин тутади. Отабекнинг “Сендакаси йўқ” қўшиғи, Гулсанамнинг дуэтлари ва ижроси уларни халқ севимлисига айлантирган.

Лутфулла Саъдуллаев ва Муқаддас Саъдуллаева

Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Саъдуллаев саҳна ва экранда юзлаб образларни ижро этган. Унинг турмуш ўртоғи Гулчеҳра Саъдуллаева ҳам халқ артистидир. Қизи Муқаддас Саъдуллаева эса ота-онаси йўлини давом эттириб, ёш иқтидорли актрисалардан бири сифатида танилмоқда.

Муҳаммад Узоқов ва Алишер Узоқов

Актёр Муҳаммад Узоқовнинг ўғли Алишер Узоқов “Жаноб ҳеч ким” ва “Замонавий совчилар” филмларидаги роллари билан томошабинларга манзур бўлган. Шу билан бирга у режиссёрлик фаолиятида ҳам ўзини синаб кўрмоқда. Онаси эса актриса Шоҳида Узоқова ҳисобланади.

Риҳси Иброҳимова ва Насиба Иброҳимова

 

Риҳси Иброҳимова театр ва кино соҳасидаги самимий ижроси билан халқнинг муҳаббатини қозонган. Синглиси Насиба Иброҳимова эса санъат билан бирга журналистикада ҳам фаолият юритиб, кенг аудиторияга танилган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Ижодкорлар сулоласи: авлодлар орқали давом этган санъат