26 ёшли блогернинг 20 кунда суратга олинган фильми 100 миллион доллар келтирди

26 ёшли блогер Карри Баркер Голливуддаги энг ёрқин кашфиётлардан бирига айланди. Унинг кам маблағ эвазига суратга олган “Обсессия” номли ҳоррор фильми кутилмаган даражада улкан муваффақият қозониб, жаҳон прокатида 100 миллион доллардан ортиқ тушум йиғди.
Box Office Mojo маълумотларига кўра, фильмни ишлаб чиқариш учун тахминан 1 миллион доллар сарфланган. Эътиборлиси, тасвирга олиш ишлари атиги 20 кун ичида якунланган. Шунга қарамай, лойиҳа йилнинг энг даромадли ва шов-шувли кинокартиналаридан бирига айланишга муваффақ бўлди.
Фильмнинг илк намойиши Торонто халқаро кинофестивали доирасида бўлиб ўтган. Премьерадан кейин картинани тарқатиш ҳуқуқини Focus Features компанияси қўлга киритди. Кейинчалик машҳур Blumhouse студияси ҳам релиз жараёнига қўшилиб, фильмнинг кенг аудиторияга етиб боришига ҳисса қўшди.
“Обсессия” воқеалари Беар исмли йигит атрофида кечади. У узоқ вақтдан буён гўзал Никига ошиқ бўлиб, унинг муҳаббатига эришишни орзу қилади. Кунларнинг бирида Беар эзотерик буюмлар сотиладиган дўкондан сирли сеҳрли таёқчани топиб олади. У таёқча ёрдамида Никининг ўзини ҳаммадан кўра қаттиқ севишини тилайди.
Тилак рўёбга чиқади, аммо воқеалар кутилмаган ва даҳшатли тус олади. Натижада муҳаббат орзуси қоронғу ва хавфли оқибатларга сабаб бўлади.
Кинотанқидчиларнинг таъкидлашича, фильмнинг муваффақиятига оригинал ғоя, кескин сюжет ҳамда ёш режиссёрнинг ўзига хос ёндашуви катта ҳисса қўшган. Бу натижадан сўнг Карри Баркер Голливудда талаб юқори бўлган истиқболли режиссёрлар қаторидан жой олди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!