Шаҳло Раметова: «Ажрашиш ҳақида ўйлаганим учун афсусландим”

Таниқли актёр Азиз Раметовнинг турмуш ўртоғи Шаҳло Раметова ижтимоий тармоқ орқали мухлисларни қизиқтираётган саволларга жавоб берди. У турмуш ўртоғининг саломатлиги, интернетдан нега узоқлашгани ҳамда оиласи атрофида тарқалган турли гап-сўзларга муносабат билдирди.
Шаҳло Раметованинг айтишича, Азиз Раметов сўнгги вақтларда жиддий соғлиқ муаммолари билан курашмоқда. Актёрнинг бўйин умуртқаси шикастланган бўлиб, бел қисмидаги жароҳатлар ва бир нечта грижалар ҳам аҳволини оғирлаштирган. Шу сабабли у ҳозирда махсус тиббиёт муассасасида қатъий назорат остида муолажа оляпти.
Унинг таъкидлашича, шифокорлар дастлаб жарроҳлик амалиётини таклиф қилган. Бироқ операциянинг натижасига тўлиқ кафолат берилмагани ва ногиронлик хавфи мавжудлиги сабабли бошқа ечимлар изланган. Кейинчалик муносиб клиника топилиб, даволаш жараёни бошланган.
Шаҳло Раметова ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинган карта рақами масаласига ҳам ойдинлик киритди. Унинг сўзларига кўра, ўша пайтда турмуш ўртоғи оғир руҳий босим ва хавотир таъсирида қолган. Операция учун жуда катта маблағ талаб қилиниши ҳақидаги гаплар унинг ҳиссиётга берилиб қарор чиқаришига сабаб бўлган.
— Ўша вазиятда барчамиз қаттиқ хавотирга тушган эдик. Кейинчалик муаммонинг бошқа ечими топилди ва даволаниш ишлари бошланди, — деди у.

Суҳбат давомида Шаҳло Раметова оилавий муносабатлар ҳақида ҳам самимий фикр билдирди. У турмуш давомида баъзан келишмовчиликлар сабабли ичидан «ажрашаман» деб ўйлаган вақтлари бўлганини тан олди.
— Ҳозир ўша фикрларимдан афсусланаман. Турмуш ўртоғим доимо менга суянч бўлиб келган. Уларсиз кундалик ишлар қанчалик қийинлигини энди ҳис қилаяпман. Инсон баъзи нарсаларнинг қадрини йўқлигида билар экан, — деди у.
Унинг таъкидлашича, фарзандлари ҳам отасини қаттиқ соғиниб қолган. Болалар тез-тез «дадам қачон қайтиб келадилар?» деб сўраётгани она учун ҳам осон кечмаётганини айтди.
Шаҳло Раметова ажрашиш ҳақида турли тахминлар қилаётганларга ҳам мурожаат қилди. У одамларни асоссиз хулосалар чиқармасликка чақириб, оиласи ҳақида тарқалаётган миш-мишларга ишонмасликни сўради.
— Иложи бўлса, салбий фикрлар ўрнига яхши дуо қилинглар. Ҳозир биз учун энг муҳими — саломатлик ва хотиржамлик, — деди у.






























Изоҳлар 0
…