«Энола Холмс 3» нега аввалги қисмлардек таассурот қолдирмади?

Netflix’нинг машҳур детектив франшизаларидан бири ҳисобланган «Enola Holmes» янги қисми билан яна экранларга қайтди. Бош ролда яна Милли Бобби Браун иштирок этган бўлса, фильм устида «Adolescence» ижодий жамоаси ҳам ишлаган. Бироқ танқидчилар фикрича, учинчи қисм аввалги фильмлардаги жозиба ва янгиликни тўлиқ сақлаб қола олмаган.
Netflix йилдан йилга йирик платформалардан бирига айланиб бораётган бўлса-да, у ҳалигача узоқ йиллар давом этадиган муваффақиятли оригинал кинофраншизалар яратишда қийналиб келмоқда. Платформада реалити-шоулар, жиноятга оид ҳужжатли лойиҳалар, Харлан Кобен асарлари асосидаги триллерлар ва романтик комедиялар катта аудитория тўплаётган бўлса ҳам, Голливуд студиялари каби кучли франшизалар яратиш осон кечмаяпти.
Бунинг асосий сабаби, танқидчиларга кўра, катта бюджетли фильмни ҳақиқий маданий ҳодисага айлантириш учун оддий онлайн томоша етарли эмас. Илгариги Red Notice, The Grey Man ёки қимматбаҳо The Electric State каби фильмлар катта кўришлар сонига эришган бўлса-да, улар атрофида узоқ муддатли қизиқиш шаклланмаган. Шу жиҳатдан Enola Holmes франшизаси Netflix учун муваффақиятли лойиҳалардан бири саналади.

Эслатиб ўтиш жоиз, биринчи фильм дастлаб Warner Bros. томонидан кинотеатрлар учун тайёрланган, аммо пандемия даврида Netflix’га сотилган. Иккинчи қисм ҳам катта муваффақият қозонгач, учинчи фильмнинг суратга олиниши табиий қарорга айланган.
Янги қисмда ҳам фильмнинг асосий кучли томонлари — енгил ҳазил, қизиқарли детектив воқеалар ва тарихий мавзулар сақланган. Бироқ бу сафар улар аввалгидек таъсирчан эмас. Танқидчиларнинг фикрича, сценарий маълум даражада такрорлана бошлаган ва франшизада янги ғоялар камайгани сезилади.
Сценарий муаллифи Жек Торн бу сафар ҳам муҳим ижтимоий мавзуларни ҳикояга эҳтиёткорлик билан сингдиришга ҳаракат қилган. Энола мустақил ва жасур қиз бўлишига қарамай, турмуш қуриш қарорини қабул қилиши, аёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳамда Британия мустамлакачилигига оид мавзулар фильмда кўтарилади. Аммо бу ғоялар воқеалар ривожига аввалги қисмлардагидек табиий уйғунлаша олмаган.
Сюжетга кўра, Энола (Милли Бобби Браун) севган йигити Тьюксбери (Луис Партриж) билан тўй қилиш арафасида бўлади. Маросим Мальта оролида ўтаётган вақтда унинг акаси Шерлок Холмс (Генри Кавилл) ўғирлаб кетилгани маълум бўлади. Шундан сўнг Энола яна навбатдаги хавфли терговга киришади.

Фильмда Ҳелена Бонэм Картер Эноланинг онаси ролида, Шэрон Данкан-Брюстер эса Мориарти образида яна намоён бўлади. Асосий юк эса яна Милли Бобби Браун зиммасига тушган. Бироқ айрим танқидчилар актрисанинг ўйини аввалги фильмлардаги табиийлик ва енгилликни тўлиқ намоён эта олмаганини таъкидламоқда.
Фильмнинг яна бир ижобий томони — унинг давомийлиги. Аввалги икки қисм икки соатдан ошиб кетган бўлса, бу сафар картина қарийб 100 дақиқа давом этади. Шунга қарамай, мутахассислар бу қисқариш янги ғоялар етишмаслиги ҳиссини ҳам уйғотишини қайд этмоқда.
Умуман олганда, «Enola Holmes 3» ёмон фильм эмас, аммо аввалги қисмлар даражасидаги қизиқиш ва янгиликни тақдим эта олмаган. Танқидчиларнинг фикрича, агар франшиза давом эттирилса, кейинги қисмда янада кучли сюжет ва каттароқ таваккалчиликка эҳтиёж сезилади.






























Изоҳлар 0
…