Шерали Жўраев қўшиғи учун 20 минг долларлик даъво: Сардор Мамадалиев суд можаросига очиқ муносабат билдирди

Хонанда Сардор Мамадалиев Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраевлар билан боғлиқ суд иши яна давом этаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, даъвогарлар ундан маънавий зарар учун қарийб 20 минг доллар талаб қилмоқда.
Сардор Мамадалиев ижтимоий тармоқда видео эълон қилиб, судга чақирилганини айтди. Хонанда бу иш яна Шерали Жўраев қўшиқларининг ижроси билан боғлиқ эканини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, марҳум санъаткорнинг қўшиғини тижорий мақсадда эмас, унинг хотирасига ҳурмат сифатида ижро этган. Бу чиқиш "Чўтки ТВ" вакилининг илтимоси билан амалга оширилган. Сардор Мамадалиевнинг айтишича, ўша киши масалани ўзи ҳал қилишини билдирган, аммо ҳозир телефон қўнғироқларига ҳам жавоб бермаяпти.
"Бир инсонни ҳурмат қилиб, ўтган кунини хотирлаб қўшиқ ижро этгандим. Шерали Жўраевнинг номи орқали пул топиш мақсадимиз бўлмаган. Энди эса қарийб 20 минг доллар маънавий зарар сўрашяпти", деди хонанда.
Сардор Мамадалиев бу ташаббус Шерали Жўраевнинг аёллари томонидан чиққан деб ўйламаслигини ҳам айтди. Унинг фикрича, бу ғоя марҳум хонанданинг атрофидаги айрим инсонлардан чиққан бўлиши мумкин.
Хонанда бундай суд ишларини тўхтатиш кераклигини билдириб, "Бу беш кунлик дунёда бундай ишларга барҳам бериш керак", дея мурожаатини якунлади.































Изоҳлар 0
…