21:00 / 17.01.2018
14 525

Миркамол Қорабоев: "Озодбек Назарбековнинг «Мендирман ўша» клипи мени элга танитди"

Миркамол Қорабоев: "Озодбек Назарбековнинг «Мендирман ўша» клипи мени элга танитди"
Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг мухлисларга тақдим этган «Мендирман ўша» тарихий клипи чин маънода катта лойиҳа бўлди. Каттаю кичикнинг эътиборини тортган видеороликнинг бош роль ижрочиларидан бири Миркамол Қорабоев бугунги суҳбатдошимиз. У билан «Мендирман ўша» ҳақида гаплашамиз.

— Фикрингизча, нега айнан сизни бош ролга таклиф қилишди?
— Бу ролни ижро этишим мен учун кутилмаганда бўлди. Асли касбим режиссёр. Бир куни «Ўзбекфильм» студиясининг либос цехида ишлар билан юрсам, Севара Зуннуновани учратиб қолдим. (Севара Зуннунова «Мендирман ўша» клипида либослар бўйича рассом сифатида ишлаган). Гап орасида «Миркамол, Озодбек Назарбеков янги клип суратга оляпти, шунга суратларингизни берсангиз» деб қолди. Сўнгра режиссёрлар билан кўришиб расмга тушдим. Лекин клипга мени олишади, унда Жалолиддин Мангубердининг образни гавдалантирар эканман, деган ўй умуман бўлмаган. Хуллас, орадан бир ҳафта ўтиб, режиссёрлар мен билан боғланишди. Озодбек акани офисига бордим ҳаммалари билан кўришиб, гаплашганимиздан сўнг клип ҳақида маълумотларга эга бўлдим. Ўша пайтда қувонч ва катта масъулият хиссини туйганман. Ролга тайёрланиш жараёнида тарихий китобларни кўп ўқидим. Озодбек аканинг ўзи ҳам буюк сиймо Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги китобларни бердилар. Ўқиб, ўрганиб, образ устида ишлай бошлагандим.

— Иш жараёнида қандай қийинчиликларга дуч келдингиз?
— Клип қисқаметражли фильм каби ишланган, десам муболаға бўлмайди. Сценарий, режиссура, кадрларнинг профессионаллиги гапларимга исбот, бўла олади. Ҳар биримиз ишимиздан шу қадар завқланиб ишладикки, 15 кун давом этган тасвирга олиш ишларида умуман чарчоқ нима эканини билмадим. Аммо шундай бўлса ҳам отлар иштирокидаги саҳналарда бироз қийналдик. Тайёргарлик жараёнидаги отлар ўргатилган эди, тасвирга олиш жараёнида эса улоқлардаги жайдари, чопоғон бақувват отлардан фойдаланилган. Улар анчайин қайсарлик қилган бўлса-да, амаллаб, келишиб-келишиб ишлашга муваффақ бўлдик (кулади).

— Жалолиддин Мангуберди роли сизнинг ташриф қоғозингизга айланди, дейиш мумкинми?
— 2013 йил машхур боксчи Муҳаммадқодир Абдуллаевга бағишланган фильмда бокс устасининг ролини ўйнаганман. Унда ҳам озми кўпми олқишлар олгандим. Лекин қайсидир маънода Озодбек Назарбековнинг клипидаги бу роль мени элга янада танитди.

— Яна қайси тарихий шахсларнинг ролини ижро этишни истардингиз?
— Агар Жалолиддин Мангубердига бағишланган фильм суратга олинса, унда буюк жанчининг ролини ижро этишни жуда истардим.

— Кимнинг баҳоси сиз учун мухим?
— Устозим, Шоира Ҳамидова, онам ва акамнинг муносабатини кутдим. Улар ролимни кўришгандан кейин қандай фикр билдиришар экан деб шошгандим.

— Хўш...
— Яқинларим ижодимни кузатиб, қуруқ мақтовлар билан кўкка кўтаришмайди. Улар кўпроқ танқидий назарда таҳлил қилиб беришади. Бу менга жуда кўп фойда берган. Аммо бу гапим билан ролим фақат танқид қилинди, демоқчи эмасман. Албатта, ижобий фикрларни ҳам кўп эшитдим.

— Келинг, суҳбатимиз сўнгида оилангиз билан таништирсангиз?
— Отам раҳматли Мухторжон Қорабоев хофиз эдилар. Онам Роҳатхон Қорабоева, акам Музаффар Қорабоев режиссёр, опам Дилфуза Қорабоева ҳам санъат соҳасида ишлайди. Бир сўз билан айтганда санъаткорлар оиласимиз.

ФАКТ:
  • Миркомил Қорабоев — 1992 йил Фарғона шаҳрида туғилган. Ўзбекиситон Давлат Санъат ва Маданият институтининг эстрада ва оммавий томошалар режиссёрлиги факультетини тамомлаган.
  • Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг «Мендирман ўша» клипи «9999» студияси режиссёрлари Хуршид ва Нодир Собировлар томонидан суратга олинган.
  • Қўшиқ матни шоир Ботир Эргашев қаламига мансуб.
  • Клипда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган артист Махсет Отемуратов ҳам асосий роллардан бирини ижро этган...
Алия СУЛАЙМАНОВА

Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Миркамол Қорабоев: "Озодбек Назарбековнинг «Мендирман ўша» клипи мени элга танитди"