«Ўзбекфильм» ҳудудида замонавий кино шаҳарчаси қурилади

«Ўзбекфильм» ҳудудида замонавий кино шаҳарчаси қурилади

«Ўзбекфильм» киностудиясининг 10 гектарлик ҳудудида «Ўзбекфильм кино шаҳарчаси» ташкил этилади. Бу ҳақда 26 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг киноижодкорлар билан учрашувида маълум қилинди.

Янги кино шаҳарчаси кино соҳасига оид хизматлар жамланган ягона индустриал кластер бўлади. Унда замонавий технологиялар билан жиҳозланган дубляж ва овозлаштириш маркази ҳам қурилади.

Белгиланган режага кўра, икки ой ичида малакали лойиҳа ташкилоти жалб қилиниб, кино шаҳарчасининг бош режаси ва лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилади. Қурилиш ишларини 2027 йил март ойидан бошлаш режалаштирилган.

Шунингдек, кино тизимида фойдаланилмаётган давлат активларини очиқ савдога чиқариш бўйича топшириқ берилган.

Учрашувда киноижодкорларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Қайд этилишича, Қуйи Чирчиқ туманидаги «Кўҳинур» сиҳатгоҳи тўлиқ киноижодкорлар ихтиёрига берилади. Яқинда замонавий талаблар асосида таъмирланиб, жиҳозланган ушбу маскан уларнинг дам олиши ва ижодий ғоялар устида ишлаши учун хизмат қилади.

Бундан ташқари, ҳар йили кино соҳасида фаолият юритаётган камида 300 нафар ходимга республикадаги сиҳатгоҳларда бепул дам олиш ва даволаниш учун йўлланмалар ажратилади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар