00:13 / 19 марта 2020
1 129

Coldplay гуруҳи яккахони Крис Мартин уйида концерт берди (видео)

Coldplay гуруҳи яккахони Крис Мартин уйида концерт берди (видео)
Фото: «ТАСС»
Британиянинг Coldplay гуруҳи аъзолари, жумладан унинг етакчиси Крис Мартин коронавирус пандемияси туфайли уйда ўтирибди, деб ёзади Meduza.

Бироқ карантин концерт бермаслик учун асос бўла олмайди. Шунинг учун акустик гитара ва пианино билан қуролланган Мартин Instagram орқали мухлисларига концерт берди.

Хонанда мини-концертда мухлислар буюртмасига кўра қўшиқлар ижро этди. Жонли эфирда у Coldplay’нинг «Green Eyes», «Yellow», «Viva La Vida» қўшиқларини куйлади. Шунингдек Мартин Дэвид Боуининг «Life on Mars» қўшиғининг кавер-версиясини ҳам ижро этган.

Трансляция Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Global Citizen хайрия фестивали томонидан ташкил этилган «Together, at Home» («Биргаликда, уйда») акцияси доирасида эфирга узатилди.

Бу коронавирусга қарши курашиш учун маблағ йиғиш кампаниясининг бир қисми. Ташкилотчилар апрель ойининг охирига қадар 675 миллион доллар йиғишни режалаштирмоқда.

Кейинги онлайн концертни америкалик хонанда Жон Леженд беради.

Аввалроқ Европада коронавирус қайд этилмаган бирорта давлат қолмагани, шунингдек АҚШнинг барча штатларида ушбу инфекцияни юқтириш ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар берилган эди. Бир неча таниқли актёрларда ҳам ушбу касаллик аниқланди.

Хусусан, актёр Том Хэнкс ва унинг рафиқасида, «Тахтлар ўйини» юлдузи Кристофер Хивьюда, британиялик актёр Идрис Эльба ҳамда актриса Ольга Куриленкода ҳам коронавирус аниқланган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)