19:09 / 19.11.2020
2 988

Хонанда Сарвара Туркияга кетиши сабаби, Истанбулдан уй олгани ва фарзанди ҳақида

Хонанда Сарвара Туркияга кетиши сабаби, Истанбулдан уй олгани ва фарзанди ҳақида
Фото: Сарваранинг шахсий архивидан
Ўзбекистонлик таниқли хонанда, «Олмача», «Муҳаббат», «Уволим бор» каби кўплаб қўшиқлар ижрочиси Сарвара бир неча йилдирки Туркияда яшамоқда. Унинг Истанбулда ижод қилаётганидан бехабар санъат шинавандалари ҳам талайгина. «Дарё» мухбири Миролим Исажонов хонанда билан ижтимоий тармоқ орқали боғланиб, бир қанча саволларга ойдинлик киритди.

— Нима учун ижодингизни айнан Туркияда яшаб давом эттиришга қарор қилдингиз?
— Бу саволни ижтимоий тармоқларда ҳам кўпчилик беряпти. Биласизми, Истанбулда ижод қилишни анчадан бери режалаштириб юрардим. Чунки турк маданиятига ёшлигимдан қизиқаман. 2018 йили онам «Қизим, ҳали ҳам Туркияда яшаш режангда бўлса, мухлисларинг ва ижодингни ўйламасдан кет. Сенинг ўрингда бўлганимда, шу пайтга қадар кетган бўлардим. Баъзан одам орзуларининг ортидан қувиши ҳам керак», дея маслаҳат берди. Бир неча кундан сўнг эса волидам кутилмаганда вафот этди. Онамнинг гаплари таъсир қилиб, ўша йилиёқ Истанбулга йўл олдим. Салкам уч йилдан буён шу ерда истиқомат қиляпман. Туркларнинг мусиқаси, маданияти, яшаш тарзи ўзбекларга ўхшашлиги боис қийинчиликларга дуч келганим йўқ. Бу ерда ўзбекистонлик таниш-билишлар ҳам жуда кўп.

Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтмоқчи эдим. Ўзбекистонда «запрет»га тушмаганман, мен учун барча ўзбек теле ва радиоканал эшиклари ҳамиша очиқ. Ҳамон Ўзбекистон фуқаросиман. Туркия фуқаролигини олиш истагим умуман йўқ. Ўзбекистонга тез-тез бориб келаман, тўй хизматларига кўп таклиф этишади.

Фото: Сарваранинг шахсий архивидан
— Туркия телеканалларининг бирида соҳангизга оид лойиҳада фаолият юритаётганингиз ҳақида эшитдик...
— Истанбулдаги «Ёшлар» телеканалининг «Дўстлик» номли лойиҳасида қатнашяпман. Кўрсатув орқали ўзбек миллий мусиқасини тарғиб этишга ҳаракат қиляпман. «Дўстлик»нинг бир қанча сонлари эфирга узатилди. Сердар Ортач, Орҳан Генжебай каби таниқли санъаткорлар меҳмон бўлишди.
Фото: Сарваранинг шахсий архивидан
Туркиялик санъаткор Орҳан Генcебай билан
— Демак, ушбу лойиҳадан олаётган гонорарингиз асосий даромад манбайингиз. Шундайми?
— Йўқ. Ўзбекистонда йиғиб-терган пулларим яшашим учун асқатяпти. Очиғини айтсам, Туркияга келишимдан асосий мақсад – пул топиш эмас. Аксинча, хорижлик ҳамкасбларим билан тажриба алмашиб, ўзимнинг янги қирраларимни юзага чиқариш ва мусиқий билимларимни янада мустаҳкамлаш ниятида келганман. Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда яшовчи ижодимга бефарқ бўлмаган мухлисларим тўй-ҳашамларга кўп таклиф қилишади. Аммо ҳозир фақат меҳмон сифатида қатнашяпман холос, хизматларга бормаяпман.

— Истанбулдан уй сотиб олганингиз ҳақидаги хушхабарга аниқлик киритсангиз.
— 2020 йилнинг баҳоригача ижарада яшадим. Май ойида эса уй харид қилишга киришдим. Бошида кўпчилик хонадон оладиган пулимни уй бизнесига сарфлаб, тадбиркорлик билан шуғулланишимни маслаҳат берди. Лекин мен таклифларни рад этиб, кўнглимдаги нархга тўрт хонали хонадон сотиб олдим.

— Бу борада қандай қийинчиликларни енгиб ўтишингизга тўғри келди?
— Тошкентда уй харид қилишингиз учун пойтахт пропискаси бўлиши керак, деган қоидалар бор. Аммо хоҳ Туркия фуқароси, хоҳ бошқа мамлакат фуқароси бўлинг, бу давлатда ўзингиз истаган ҳудуддан уй сотиб олишингиз мумкин. Ҳатто қисқа вақт ичида янги хонадонингизни номингизга расмийлаштириб ҳам беришаркан.

Фото: Сарваранинг шахсий архивидан
— Икки мамлакатнинг шоу-бизнес олами ўртасидаги энг муҳим фарқларни нималарда сездингиз?
— Тафовут катта. Бироқ мен айримларигагина тўхталиб ўтаман. Туркиялик санъаткорлар тўй ва тадбирларда ҳар доим тўлиқ жонли ижрода қўшиқ куйлайди. Фонограммага нисбатан эҳтиёж ва эътибор йўқ. Улар бир йилда битта ёки иккита янги қўшиқ ижро қилади холос. Шунингдек, бу ерда санъаткорлар ёшидан қатъи назар, хоҳлаган ҳамкасбининг хит таронасини муаллиф рухсати билан куйлаш одати азалдан мавжуд экан. Улар шу тариқа қўшиқнинг умрини янада боқий бўлишига ҳисса қўшишаркан. Бизда эса фақат устоз санъаткорларнинг қўшиқларини ижро этиш анъанаси бор.

Туркияда машҳур ва ёши катта санъаткорлардан қўшиқлари теле ва радиода айланганига пул олинмайди. Лекин ижод қилишни эндигина бошлаган ёшлардан тўловни амалга ошириш, албатта, талаб этилади. Бу нарх ўзбек телевидениеси ва радиоларига қараганда бироз қиммат. Аҳамиятлиси, бу давлатда лицензияга умуман пул тўланмайди.

Фото: Сарваранинг шахсий архивидан
— Фарзандларингиз тўғрисида ҳам гапириб берсангиз?
— Бир нафар фарзандим бор. Қизим Муслимахон бу йил ўн бир ёшга тўлди. У Истанбулдаги мактабларнинг бирида ўқияпти. Расм чизишга жуда қизиқади. Ҳайвонларга нисбатан меҳрибон. Баъзан мен каби қўшиқчи бўлиш орзуси борлигини айтади. Ўзингиз биласиз, бола бу ёшда кўп нарсаларга қизиқувчан бўлади, келажагини бир қанча касб билан боғлайди. Биз ҳам шундай пайтимизда жаҳонгашта, шифокор ва бошқа касб эгаси бўлишни орзу қилардик. Фарзандим келгусида қайси соҳа вакили бўлишни вақт кўрсатади.

— Самимий суҳбат учун катта раҳмат!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)