00:13 / 05.03.2021
1 633

Актриса Хосият Ҳусанова мудҳиш автоҳалокатга учраб, тирик қолгани ҳақида гапириб берди

Актриса Хосият Ҳусанова мудҳиш автоҳалокатга учраб, тирик қолгани ҳақида гапириб берди
Фото: YouTube скриншот
Таниқли кино ва театр актрисаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Хосият Ҳусанова UzReport телеканалининг «Ўйларим» кўрсатувига берган интервьюсида 13 йил аввал мудҳиш автоҳалокатга учраб, омон қолгани ҳақида сўзлаб берди.

«2008 йил айни гуллаб келаётган даврим, унвон олишга номзодим қўйилаётган пайт эди. Май ойида уйимнинг олдида, Мевазорда автоҳалокатга учрадим. Ўшанда жуда қаттиқ авария бўлиб, ўзимнинг кўз олдимда ўзим ўлдим. Damas автомашинаси Nexia’га урилиб, ундан қочиб, дарахтзорга кириб кетдик ва катта чинор дарахтига айнан мен ўтирган жой тегганидан сўнг Damas йиғилиб қолган. Мен ўша пайтда йўлидан тўхтаб, бизга ёрдам берган ҳайдовчиларни ҳалигача дуо қиламан. Уларни кўрмаганман, танимайман, аммо овозини эшитганман.

...Ўртада қоронғилик, битта кадр йўқ. Шундан кейин менга кимнингдир жуда узоқдан қаттиқ инграётгани эшитилди. Қоронғиликда ўша инграётган одамга ёрдам беришга шошиляпман, уни қидиряпман, қидиряпман, аммо ҳаммаёқ қоронғи бўлгани учун тополмаяпман. Кейин овоз менга секин-секин яқинлашди. Охири овоз ўзимнинг овозим эканлигини билдим. Кўзимни очсам, ҳайдовчилар менга қараб югуриб келаётган экан. Нафас оламан десам, машинага қисилиб қолган эканман. Нафас ололмасдан, ўша ерда ўлиб қолдим, ростдан ўлдим. Чунки одам бир-икки дақиқа нафас олмаса, ўлади-ку, тўғрими?!

Кейинроқ айтиб беришларича, ўша пайт Damas’ни кўпчилик бўлиб синдириб, очишган. Кўп эркакларинг кучи куч экан-да. Белимдан тепаси қисилиб қолгани учун кўпчилик бўлиб мени машина ичидан тортиб олишган. Уларнинг ёрдами билан нафас ола бошлаганман. Сўнгра мени қайсидир машинага солишиб, зудлик билан 16-сон шаҳар шифохонасига етказишган. У ердагилар санъаткорлигимни кўриб, дарҳол ёрдам кўрсатишган
», — дейди актриса.

Хосият Ҳусанованинг айтишича, уни шифокорлар «бир умр кўрпага михланиб қолади», дейишган.

«Авария оқибатида тос суяклар умуман майдаланиб кетган, сон иккига бўлиниб, юзимнинг ярми йўқ бўлган. Юзим бу ҳолатга қайтади, деб ўйламагандим. Ўшанда ‘Оёққа турмайди, бир умр коляскада ўтиради, кўрпага михланиб қолади’, деган гапларни ҳам эшитганман. Бу гапларни эшитганингда тугаркансан одам. Ундан кўра ўлган яхши-да. «Нега мени қутқаришди, нимага мен ўша жойда ўлиб кета қолмадим?», деган фикрлар ҳаёлимдан кечган.

У вақтда фарзандим 5-синфда ўқирди. ‘Ўлиб қолсам, битта-ю битта қизим кимнинг қўлида қолиб кетади’, деб кўп ўйлаганман. Қизимнинг бахтига омон қолдим. Бу Аллоҳнинг менга берган мўъжизаси-да! Ҳозир ўзимга ўзим қойил қоламан, сабаби юрагим бақувват, кучли аёл эканман
», — дейди у.

Фото: YouTube скриншот
Актриса интервью давомида икки йилда соғайиб, оёққа турганини таъкидлаган.

«Бир йил бир жойда ётган бўлсам, ич-этимни кемириб, адойи тамом бўлганман. Чойшабимни алмаштириш учун тўрт нафар одам керак бўларди. Ичимда темир, ташқаримда темир... ҳозир ҳам қолиб кетган темирлар бор. Тўрт нафар одам столдек тўғри, текис кўтарган пайтда чойшабимни алмаштириб олишарди. Ётган жойимда сочиқда ювинтиришарди.

Устозим Ёқуб Ахмедовга, ҳамкасбларимга катта раҳмат. Таниган, танимаганлар ҳам кўргани боришган. Ойлик маошимни вақтида уйимга етказиб туришган. ‘Отасиз қолган фарзандимни ким боқади, мен оёққа туришим керак’, деган қаттиқ мақсадни олдимга қўйганман. Бир йилдан сўнг ўрнимдан туришни ўргатишди, қўлтиқтаёқда юришни ўргандим. Бир йилда қўлтиқтаёқни ҳам ташладим. Дардини берган Аллоҳим шифосини ҳам бераркан. Қизимни етим бўлиб қолишдан Аллоҳнинг ўзи асради, фарзандимнинг бахти бор экан
», — дейди Хосият Ҳусанова.

Эслатиб ўтамиз, Хосият Ҳусанова 2015 йилда 47 ёшида иккинчи фарзанди, яъни ўғлини дунёга келтирган. У қизини турмушга узатган, бир нафар набираси бор.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Маданият » Актриса Хосият Ҳусанова мудҳиш автоҳалокатга учраб, тирик қолгани ҳақида гапириб берди