18:16 / 14.10.2021
4 452

Ўзбекистонлик хонандалар 3-4 дақиқалик видео учун қанча харажат қилади?

Ўзбекистонлик хонандалар 3-4 дақиқалик видео учун қанча харажат қилади?
Тахминан, 4-5 дақиқа давом этадиган клипларни суратга олиш учун қанча маблағ сарфланиши ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Албатта, хориж шоу-бизнесига қараганда Ўзбекистондаги нарх-наволар бирмунча арзон. Аммо улар орасида битта машинанинг пули сарфланганлари ҳам кўплаб топилади. Томошабинлар севиб томоша қиладиган клиплар хонандаларга қанчага тушишини аниқлаш мақсадида Ўзбекистоннинг энг таниқли клипмейкерлари билан суҳбатда бўлдик.

Ёдгор Носиров – «Хафа-хафа» (Муниса Ризаева), «Ака» (Улуғбек Раҳматуллаев), «Йиғлама, қизалоқ» (Райҳон), «Балки» (Шаҳзода) каби кўплаб клиплар муаллифи:

Фото: Instagram / @yodgornosirov
— Аслида клип муваффақияти маблағга боғлиқ эмас. Тажрибам давомида оддий ишланган клип ҳам оммалашиб кетганига кўп бор гувоҳ бўлганман.

Шу кунгача олган клипларимнинг умумий бюджети ва ташкилий ишларига аралашмайман. Бу ишларни хонанданинг маъмурлари ёки ёрдамчиларим қилгани маъқул. Мен режиссёр сифатида ўз гонораримни белгилайман ва бошқа харажатларга аралашмайман. Кейинроқ клипнинг умумий харажатлари ҳақидаги маълумотлар қулоғимга чалинади. Менимча, мен суратга олган энг қиммат клип Лоланинг «Лове ме» қўшиғига олинган. Тўрт кун давом этган съёмка жараёнида 100 га яқин оммавий саҳналар иштирокчиси қатнашган. Бундан ташқари, суратга олиш майдончасига катта экран ўрнатилиб, очиқ концерт зали декорацияси қурилган. Бунинг учун Лола 13 000 АҚШ доллари сарфлаган экан.

Рауф Набиев«Жоним, юр» («Уммон» гуруҳи), «Қадди баланд» (Жаҳонгир Отажонов), «Дилам» (Улуғбек Раҳматуллаев) каби кўплаб клиплар муаллифи:

Фото: Instagram / @rauf_nabiev_
— Ҳамма хонанда чўнтагига қараб клип суратга олади. Кулгили бўлса-да айтаман: 500-1000 АҚШ долларига клип олишни режалаштираётганлар ҳам бор. Аммо уларни профессионал ижод деб бўлмайди. Яхши клип арзонга баҳоланмайди. Аммо катта бюджетга эга бўла туриб ўзини оқламаган клиплар ҳам бор. Масалан, Озодбек Назарбеков «Мендурман ўша» клипи учун 15 000 АҚШ доллари харажат қилган. Клипнинг сюжети ва операторлик ишлари аъло, аммо графика кўнгилдагидек чиқмаган. Қўрқмасдан бу клипни бюджети катта-ю, аммо сифати талабга жавоб бермайди, деёламан.

Наримон Султонхўжаев«Секин-аста» (Муниса Ризаева), «Нима қилиш керак?» (Шоҳруххон), «Бўлди» (Манзура) каби кўплаб клиплар муаллифи:

Фото: Instagram / @nurimonsultanxodjayev
— Анчадан буён клип суратга олаётганим йўқ. Чунки ўзбек клип саноати аллақачон «ўлиб» бўлган. 10-12 йиллар аввал Қозоғистон ва Қирғизистондан келиб бизда клип суратга олишарди. Ҳозир эса улар биздан анча ўзиб кетишган. Бизнинг хонандалар эса харажатдан қочиб, эски услубдаги клиплар билан ўзларини овунтириб юришибди. Фаолиятимдаги энг қиммат клип Муниса Ризаеванинг «Секин-аста» қўшиғига суратга олинган. Чунки клипнинг айрим кадрларини суратга олиш учун 2 соат вертолётда учишимга тўғри келган. Оддий клип харажатидан ташқари ижодий гуруҳнинг йўл ва меҳмонхона харажатларини ҳам ҳисоблаганда, у хонандага яхшигина қимматга тушган.

Шуҳрат Мавлонов«Қанийди», «Олтин балиқ» (Озода Нурсаидова), «Лайли» (Гулсанам Мамазоитова), «Қоражон» (Ҳосила Раҳимова) каби кўплаб клиплар муаллифи:

Фото: Instagram / @mavlonovproduction_official
— Хонанданинг хоҳишига қараб клип суратга оламиз. Менда клип олишнинг маълум нархи йўқ. Баъзан текинга клип олган пайтларим ҳам бўлган. Баъзи ёш хонандаларнинг маблағига қараб, оддий ва эфир талабига жавоб берадиган клип ҳам олиб бераман. Адашмасам, энг қиммат клипни Озода Нурсаидованинг «Аждодлар» номли қўшиғига суратга олганман. Клип тарихий воқеалар асосида яратилгани учун унга 10 000 АҚШ доллари харажат қилинган.

Жамшид Исоқхўжаев«Тор кўча» (Зиёда), «Юрак» (Ойбек ва Нигора), «Соғиндим» (Дилсўз), «Ёмғир» (Муниса Ризаева) каби кўплаб клиплар муаллифи:

Фото: Instagram / @isakhadjaev
— Клипмейкерлик фаолиятимни бошлаганимга эндигина 4 йил бўлди. Юқоридаги устозлардан ортиқроқ гапни гапиришим қийин. Шу кунгача кўплаб хонандалар билан ҳамкорлик қилганман. Зиёданинг «Тор кўча» клипига 4 000 АҚШ доллари сарфланганди. Ҳозирча ижодимдаги энг қиммат клип Шоҳруххоннинг «TikTok» қўшиғи учун суратга олинди. Унинг умумий бюджети 6 500 АҚШ долларини ташкил этди.

Шароитдан келиб чиққан ҳолда арзон клип олиш мумкин. Аммо у профессионаллик талабларига жавоб бермайди. Шу боис сифатли клип, тахминан, 4 000-5 000 АҚШ долларига суратга олинади.

Ҳабибуллоҳ Набиев«Ўйнасин» (Жаҳонгир Отажонов), «Юрак» (Шаҳло Аҳмедова), «Кунлар» (Севара Назархон) каби кўплаб клиплар муаллифи:

Фото: @khabi_nabiev
— Очиғи, арзонга клип суратга олмайман. Ўртача клипни, тахминан, 5 000-7 000 АҚШ долларига суратга оламан, маблағ қимматлик қилса таклифни рад этаман. Чунки мен ижарага оладиган техникалар ва ҳамкорлик қиладиган ижодкорларнинг гонорар суммаси анча баланд.

Ижодимдаги энг қиммат клипни Муниса Ризаеванинг «Бўлди, юрак» қўшиғи учун суратга олганман. Клипда ёнғин ва автоҳалокат каби мураккаб саҳналарни жонлантириш катта маблағни талаб этади. Ундан кейин Озода Нурсаидованинг «Ҳабиби» қўшиғи учун 10 000 АҚШ долларига клип олдик. Клип учун махсус декорация қурилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Ўзбекистонлик хонандалар 3-4 дақиқалик видео учун қанча харажат қилади?