Ўзбекистонда ҳар куни 137 та оила ажрашмоқда — янги статистика

Ўзбекистонда ҳар куни 137 та оила ажрашмоқда — янги статистика

Ўзбекистонда никоҳдан ажралиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида мамлакат бўйлаб 24 815 та оила расман ажрашган. Бу эса ҳар куни ўртача 137 та оила тарқалаётганини англатади.

Ҳисоботга кўра, ҳар минг нафар аҳолига нисбатан ажримлар коэффициенти 1,3 промиллени ташкил этган. Яъни, ҳар 1000 нафар аҳоли ҳисобига ўртача 1,3 та никоҳ бекор қилинган.

Таҳлилларга кўра, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ажримлар сони ошган. Хусусан, 2025 йилнинг биринчи ярмида 23,3 мингта ажрим қайд этилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич қарийб 1,5 мингтага кўпайган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп ажрим Тошкент шаҳрида қайд этилган. Пойтахтда олти ой давомида 3222 та никоҳ бекор қилинган. Кейинги ўринларда Фарғона вилояти (2676 та), Самарқанд вилояти (2608 та), Андижон вилояти (2471 та) ҳамда Тошкент вилояти (2334 та) жой олган.

Энг кам ажрим эса Навоий вилоятида кузатилган бўлиб, бу ерда 673 та никоҳ расман бекор қилинган.

Шу билан бирга, ҳисобот даврида мамлакатда жами 92,3 мингта никоҳ қайд этилган. Бу кўрсаткич ҳам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 мингтага камайган.

Статистикага кўра, ажримларнинг асосий қисми шаҳарларда қайд этилган. Жами никоҳдан ажралиш ҳолатларининг 60,1 фоизи шаҳарларга, 39,9 фоизи эса қишлоқ ҳудудларига тўғри келган.

Миллий статистика қўмитаси маълумотлари шуни кўрсатмоқдаки, 2026 йилнинг дастлабки ярмида мамлакатда никоҳлар сони қисқарган, ажримлар эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш қайд этган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар