23:57 / 01.06.2018
6 817

Италиялик чол-кампир Ўзбекистонга бирдек ошуфта бўлишди (фото)

Италиялик чол-кампир Ўзбекистонга бирдек ошуфта бўлишди (фото)
Ўзбекистонлик санъаткор ва велоспортчи Хурсанд Шеровдан интервью олиш учун Амир Темур хиёбонига борган пайтда Италиядан келган бир гуруҳ туристлар билан ҳам учрашиб қолдик. Уларнинг аксарияти ёши улуғ инсонлар эди. Меҳмонлар орасида, айниқса, юзларидан нур ёғилиб турган кекса онахон ва отахон беихтиёр диққатимизни тортди. Улар шунчалик бахтиёр эди-ки... Худди ёш болалардек қувнаб юришар, ҳайкал тагида бизга қадрдон бўлган “Чинор остидаги дуэль” фильми қаҳрамонларидек суратга тушишарди. Фурсатдан фойдаланиб дунёдаги энг бахтли итальян чол-кампирнинг таассуротларини билишга ошиқдим. Журналист эканлигимни айтганимда, улар бажонидил суҳбатлашишга рози бўлишди. Улар билан мириқиб мулоқот қилдик. Кейин фотографимизни чақириб, эсдалик учун иккиси билан, сўнг барча италияликлар билан бирга суратга тушдик.
Келинг, апеннинлик “Лайли” ва “Мажнун”нинг юртимиздаги саргузаштлари ҳақидаги дил сўзларини сизларга ҳам илиндик.

“Аввало, ўзимизни таништириб ўтсак. Менинг исмим Бернардо Розочка. Бу эса биринчи муҳаббатим, азиз турмуш ўртоғим Луиза Колокер. Биз 53 йилдан бери биргамиз. Римда яшаймиз. Уч фарзандимиз ва яна шунча неварамиз бор. Ўзим узоқ йиллар давомида муҳандислик қилганман. Луиза эса Римдаги Ла-Сапиенца университетида математикадан дарс берган. Профессор”, — дейди Бернардо Розочка.

— Ўзбекистонга келиш истаги қандай пайдо бўлди?
— Турмуш ўртоғим билан пенсияга чиққанимиздан сўнг йиққан пулимизга дунё бўйлаб саёҳатга чиқамиз деб келишиб олгандик. Шунинг учун интернет ва турфирмалар орқали кўплаб таклифларни ўрганиб чиқдик. Менга Шарқ жавоҳири дея таъриф берилган Ўзбекистон, унинг тарихий шаҳарлари акс этган реклама ролиги жуда ёқиб қолди. Биз борадиган сеҳрли диёр, эртаклар мамлакати айнан шу ер деган қарорга келдим. Тўғриси, бу ҳақида Луизага айтганимда, аввалига унамади. Сабаби у пляжлари билан машҳур жойларга боришни хоҳлаган экан. Ўзи кўпинча шунақа бўлади. У “Ювентус” мухлисаси бўлса, мен “Фиоринтина”га ишқибозлик қиламан. Оилада мустақил фикр бўлгани яхши. Шунга қарамасдан Ўзбекистонга бориш истаги менда шу қадар кучли эди-ки, “кекса сеньора”ни ўз тарафимга оғдиришнинг уддасидан чиқдим.

“Ўшанда хато қилган эканман, — дея гапга қўшилди Луиза Колокер. — Сабаби юртингизга келдиму, унинг табиатига, одамларнинг меҳмондўстлигига мафтун бўлиб қолдим. Хива, Самарқанд, Бухородаги қадимий ёдгорликларни бир бор томоша қилиш, осори-атиқалар билан танишиш дунёдаги энг зўр, экзотикага бой курортларга, пляжларга минг марта боргандан кўра кўпроқ таассурот қолдирди. Маданий-маънавий жиҳатдан битмас-туганмас роҳат бахш этди. Айниқса, фан оламига алгебра, алгоритм атамалари кириб келишига сабабчи бўлган буюк олим Ал-Хоразмий, яна бир мутафаккир Мирзо Улуғбек туғилиб ўсган замин ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлди. Уйга қайтганда шулар ҳақида мақола ёзиб, университет нашрида беришни ният қилдим. Гарчи римлик бўла туриб Бернардо “бинафшаранглилар”га, мен эса Турин футбол клуби ўйинларини севиб томоша қилсак-да, ҳар иккимиз худди бир-биримизга меҳр қўйгандек Ўзбекистонни бирдек яхши кўриб қолдик”.

“Очиғини айтавер, Луиза . Бугун Италияга учиб кетамиз, — суҳбатга аралашади Бернардо Розочка. — Шундай бўлса-да, ўтган қисқа тур давомида мазза қилиб хордиқ чиқардик. Турмуш ўртоғим билан учинчи ёшлигимизни бошдан кечирдик, десам асло хато бўлмайди. Ўзимизнинг табиий болалик пайтидан кейин илк неварамиз дунёга келганда ёшликка қайтгандек бўлгандик. Мана Ўзбекистон яна бир бор бизга навқирон дамларимиз гаштини, куч-ғайратини бахш этди. Бундай қувватни нафақат Хива, Бухоро, Самарқандга хос кўҳна тарих салобатидан, мовий гумбазлардан, бетакрор деворий нақшлар, тасвирлардан, Тошкентнинг тоза ва озода кўчаларидан, ўзбек халқининг меҳмондўстлик ва олижаноблик фазилатларидан, балки палов, сомса, манти каби миллий таомларни, сархил мева-сабзавотлардан, улардан тайёрланган салатларни тановвул қилиб, олдик”.

“Бироқ меҳмонхоналарда меваларни жуда кам беришар экан, — дея қўшимча қилди Луиза Колокер. — Кейин, вилоятларга чиққанда соф итальянча таъмли экспрессо топишга жуда қийналдик. Яна бир томони, йўлларнинг айрим жойларидаги нотекисликлар бартараф этилса. Автобусда кетаётган ҳар бир киши буни хоҳлайди, йўл бўйидаги инфратузилмалар, айниқса, сан узеллар худди Тошкентдаги каби тоза-озода, замонавий қилинса, айни муддао бўларди. Қолганлари эса яхши”.

“Ишонасизми, етти кун ичида унутилмас саргузаштларимизни ўзида ифодалаган мингдан ортиқ фотосуратлар, видеотасвирлар олдик. Бироқ уларда Ўзбекистоннинг бетакрор гўзаллиги, халқига хос бағрикенгликни барибир тўла қамраб ололмадик, деб қўрқаман, — дейди Бернардо Розочка. — Уларни Италияга бориб фарзандларимиз, невараларимиз, яқин қариндошларимиз, дўст-биродарларимизга кўрсатамиз, беқиёс саёҳатимиз ҳақида сўзлаб берамиз. Тасмаларга муҳрланган, юртингизда ўтказган қисқа, аммо ниҳоятда сермазмун ҳаётимиз шингиллари жигарбандларимизга биздан мерос бўлиб қолади.

Бу ердан олган энергия ҳар биримиз учун узоқ умр кўришга бўлган қатъий интилишимиз, иродамизни ҳар томонлама мустаҳкамлаб берди. Агар ўзимизда у камайганини ҳис этсак, яна Ўзбекистонга келамиз. Луиза эса мана шундай жозибадор мамлакатга келишга кўндирганим учун эллик йилдан зиёд мухлислик қилган “Ювентус”ини “Фиоринтина”га алмаштириб юбормаса бўлгани!?
“Яна олиб келсангиз, албатта, шундай қиламан”, — дейди Луиза Колокер.
С. Махсумов ёзиб олди.

Манба: "Халқ сўзи"

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Италиялик чол-кампир Ўзбекистонга бирдек ошуфта бўлишди (фото)