1 439
Моуриньо бозорда жекпотни юлиб олди. А Серия юлдузи сержанжал португалиялик олдига боради
Фото: Global Look Press
«Ювентус» собиқ футболчиси Пауло Дибала «Рома» билан шартнома имзолаши кутилмоқда. Бу ёзнинг энг кутилмаган трансфери бўлиши мумкин. Россиянинг «Спорт-Экспресс» нашри Дибаланинг «Рома»га ўтиши билан боғлиқ воқеаларни жамлади.
Пауло Дибаланинг «Рома»га ўтиши ҳозирча ёзнинг энг кутилмаган трансферларидан бири бўлиб турибди. 28 ёшли аргентиналик «Ювентус» билан янги шартнома борасида келиша олмай, Туринни эркин агент сифатида тарк этганди. Ўз даврининг энг иқтидорли футболчиларидан бирининг «Интер»га ўтишига ҳеч ким шубҳа қилмаётганди. Чунки, бир пайтлар Паулони «Палермо»дан «Ювентус»га олиб келган ва ҳозирда «нерадзурри» бош директори бўлган Беппе Маротта тезда футболчининг ўзи ва унинг атрофидагилар билан келишиб оладигандек туюлганди.
«Дибала «Интер» билан музокара ўтказди», «Дибала «Интер» билан шахсий шартнома шартларини келишиб олди», «Интер» Дибаланинг трансферини кейинги ҳафтада эълон қилади» каби сарлавҳалар вақти-вақти билан пайдо бўлиб турди. Аммо ҳафталар ўтсаки, ҳеч нарса ўзгармади.
Аргентиналик футболчи исми-шарифи ёнида бошқа жамоаларнинг ҳам номлари пайдо бўла бошлади – «Атлетико», «Манчестер Юнайтед», «Челси», «Арсенал», «Ньюкасл». Аммо булар кўпроқ уйдирма ва тахминларга ўхшар эди.
Охир-оқибат, июл ойи бошида нуфузли инсайдер Фабрицио Романо сўнгги ҳафталарда «Интер» ва Дибала музокараларда ҳеч қандай муваффақиятга эришмаганини ёзди.
«Дибала – эркин агент. У трансфер вариантларимиздан бири эди ва шундай бўлиб турибди. Аммо ҳужум чизиғимизда аллақачон ажойиб ўйинчилар тўпланган», деди Маротта. Унинг бу шамаси янада шаффофроқ бўлди.
Оқибатда «Интер» ўйиндан чиқди. Бунинг сабабларидан бири сифатида футболчининг агенти Хорхе Антун томонидан ҳаддан ташқари юқори талаблар қўйилгани кўрсатилди.
Июл ойи ўрталарида эса Дибаланинг жиддий даъвогарлари орасида фақат «Наполи» ва «Рома» қолди. Инсайдер Жанлука ди Марционинг сўзларига кўра, икки клуб ҳам Дибалага аниқ таклиф билан чиққан. Аммо римликларнинг қатъияти юқорироқ бўлган.
Дибалани ҳатто Тотти ҳам кўндиришга уринди
Музокараларда бош мураббий Жозе Моуриньо ҳам иштирок этди. Клуб хўжайини Дэн Фридкин эса шахсан Дибаланинг Туриндаги уйига бориб, футболчини «Рома»га ўтишга кўндиришга ҳаракат қилди. Франческо Тотти ҳам четда турмади, римликлар афсонаси аргентиналикнинг мухлиси эканини ҳеч қачон яширмаган.
«Дибала билан баъзи нарсалар ҳақида, жумладан, «Рома»га ўтиш ҳақида ҳам гаплашдим. Ўйлайманки, биз бир-биримизни тушундик. Бироқ, келажаги ҳақидаги қарорни унинг ўзи қабул қилиши керак», - деган эди Тотти июн ойи бошида.
La Gazzetta dello Sport нашри ёзганидек, бир неча ҳафта олдин Тотти ва Дибала Миланда учрашишган. «Рома»нинг собиқ сардори аргентиналикка аввал ўзига тегишли бўлган 10-рақамни олишни таклиф қилган. Буни энг саховатли ишора дейиш мумкин – Тотти 2017 йилда фаолиятини якунлаганидан кейин ҳеч ким 10-рақамни олмаганди.
Франческо «Рома» клубида ишламаса-да, унинг Фридкин билан муносабатлари аввалги хўжайинлар билан бўлганига қараганда анча яхши. Шу туфайли, унинг розилигисиз ҳеч ким «Рома» учун «муқаддас» ҳисобланган 10-рақамни сўрамайди ёки таклиф қилмайди.
Дибаланинг талаблари ҳаммани чўчитди, аммо у «Рома»да камроқ маош олади
Дибаланинг трансфер достонидаги асосий жиҳатлардан бири – молиявий масала. «Ювентус» билан сўнгги шартномасига кўра, аргентиналик футболчи йилига «тоза» 7,3 миллион евро маош олган. Бу жамоадаги иккинчи кўрсаткич эди. Фақат Матейс де Лигт ундан кўпроқ маош оларди – 8 миллион евро.
Аргентиналик форвард оз бўлса-да, маошининг оширилишини истади, томонлар бу ҳақда деярли келишиб олишганди. Аммо кейинроқ «Ювентус» бошқача қарор қабул қилди.
«Биз футболчини ҳар томонлама баҳоладик. У бизга майдонда, унинг ташқарисида нима бераётганини ўргандик, лойиҳамизга қўшаётган ҳиссасини ҳисобладик. Унинг талаблари юқори, бу тушунарли, чунки у ақл бовар қилмас футболчи. Аммо биз бундай талабларни қондиришга тайёр эмаслигимизни ҳис қилдик. Шу сабабли йўлимиз айро бўлиши табиий», - деди клуб раҳбарларидан бири Павел Недвед.
«Интер» билан музокаралар ҳақидаги хабарларда йилига 8 миллион евро рақами юзага чиқиб турди. La Gazzetta dello Sport хабарига кўра, «Рома»нинг биринчи таклифи йилига 4 миллион евро бўлган. Якунда 6 миллион евро ва бонуслар ҳақида келишиб олишди.
Уч йиллик шартномада футболчининг товон пули жуда паст қилиб белгиланган. Дибалани атиги 20 миллион еврога сотиб олиш мумкин. Футболчи вакилларининг талаби шундай бўлди, клуб эса бунга эътироз билдирмади.
Умуман олганда, «сериал» ғалати тарзда якунланди: Дибала дастлаб Чемпионлар Лигасида ўйнайдиган жамоага қўшилишни ва шунга мос маошни истаганди, охир-оқибатда у Европа Лигасида ўйнайди ва «Ювентус»дагидан ҳам камроқ олади.
Агар «Рома» Чемпионлар Лигасига чиқолмаса, бу жиддий муваффақиятсизлик деб баҳоланади
Ҳозир «Рома» жуда фойдали трансферни амалга оширгандек туюлмоқда. Жуда катта медиа салоҳиятга ва ижтимоий тармоқларда ўз мухлислари базасига (47,9 миллион обуначи) эга бўлган юлдузни эркин агент мақомида қўлга киритди. Клуб хўжайини Дэн Фридкин атрофидаги муҳит ҳам жуда ижобий: бир йил олдин у Моуриньони Римга таклиф қилди, кейин у Конференциялар Лигасида ғолиб чиқди, энди эса жамоага топ ўйинчини жалб қилди.
Америкалик тадбиркор 2020 йилдан бери «Рома»га 370 миллион евро сармоя киритди ва энди даромад кутмоқда. Фридкин «жалоросси»ни йирик халқаро спорт брендига айлантирмоқчи, бу эса Чемпионлар Лигасида доимий иштирок этиш шартлигини англатади (римликлар сўнгги марта у ерда 2017 йилда кўриниш беришган). Дибала трансфери бу амбицияларни тасдиқламоқда – бу нафақат кучли футболчи билан шартнома, балки аниқ баёнот ҳам. Демак, Моуриньо келаси мавсумда астойдил ишлашига тўғри келади. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Элчи: Зеленскийнинг БРИКС саммити ҳақидаги сўзлари “ҳақиқатдан йироқ”
Ҳар куни хурмо ейиш мумкинми? Нутрициолог тавсияси
Россия қўшинлари Харкив марказидаги ЮНEСКО объектига ҳаво ҳужуми уюштирди
Эрдўғон: “Туркия энди ўзининг миллий хавфсизлик масалаларини бошқалар билан мувофиқлаштирмайди”
Рамзан Қодиров: “Чеченистондаги дрон ҳужуми оқибатида украиналик асирлар ҳалок бўлди”
Родри “Олтин тўп”га аслида ким олиши кераклигини айтди
Ўзбекистонда аутстаффинг хизматларини кўрсатиш тартиби тасдиқланди
Пентагон собиқ маслаҳатчиси: Украина 2025 йил Россияга қарши урушда енгилиши мумкин