Негадир, Отабек Шукуров деганда ҳаёлимга биринчи бўлиб энг катта орзусига ета олмаган инсон келарди. Ёдимда бор, у билан интервью уюштиргач, камералар ўчганидан кейин анча суҳбатлашиб ўтирганмиз. Айнан Европага кетмагани ҳақида фикр билдирганида, ич-ичидан эзилиб сўзлган эди. Мен ҳам бу суҳбатга қадар уни БААдаги катта пулларни кўзи қиймагани учун "кўҳна қитъа"га кетмаган деб ҳисоблардим. Интервьюдан сўнг фикрим ўзгарди...
Дарҳақиқат, баъзан ҳаётимизнинг айрим қисмларида танлов ўзимизда бўлмайди. Шукуров "руль" ўзида бўлишини сабр билан кутди ва биринчи имкон пайдо бўлиши билан Европага йўл олди.
Қойил қолиш керак, бу орзу армонга айланиб қолмади. Арабларнинг миллионлари ўртага тикилганига қарамай, Шукуров хорижда тўп тепишни афзал кўрди. Айрим ёш футболчиларимиз учун ўрнак бўладиган воқеа. Яқинда, хорижлик бир агент билан суҳбатлашиб қолган эдик. У менга юртимизда бўлган U23 Осиё Кубогида порлаган бир футболчимиз қилган ишни айтиб берганида, ҳайрон қолдим. Келинг, унинг исми сир бўлиб қолсин. Хуллас, ўша футболчи билан Европанинг бир нечта (Чехия, Венгрия, Полша..) асосий лигасида тўп тепувчи клублардан таклифлар келиб тушган.
Қаҳрамонимиз очиқчасига уларнинг барчасини рад этади ва карьераси орқали кўпроқ пул топмоқчи эканлигини дангал айтади. Бир қарашда, бу унинг танлови, ҳеч қандай гап-сўз йўқ, аммо наҳотки ҳозирги ёш футболчиларимизда орзу, янги даража, кучлилар ичида бўлишга интилиш қолмаган деб ўйлаб қолдим. Бугун Отабек Туркия биринчилигида дебют қилган биринчи ўзбек футболчисига айланди. У ҳам ўз исмини футболимиз тарихига катта ҳарфлар билан ёзиб қўйди. Майли, бу кучли бешлик бўлмасин, аммо асосийси интилиш бесамар кетгани йўқ.
Отабекда БААда қолиб, бемалол миллионларни уйга жўнатиш имкони бор эди. Ҳатто, кетаётганида қўлига қоғоз бериб, исталган суммасини ёзиши мумкинлигини айтишган. Бундай пайтда, камдан кам инсонгина фикрида мустаҳкам туриши мумкин. Шукуров буни уддалай олди. Биринчи навбатда, у ўз-ўзини енгди. Тўғри, янги мамлакат, янги иқлим, янги инсонлар. У "Шаржа"даги каби ҳаммага асосий футболчи эканлигини исботлаши учун барчасини нолдан бошлашига тўғри келади. Бу сафар аввалгисидан қийин бўлишига қарамай, Шукуров буни уддалашига ишончим комил.
Туркия чемпионати Европанинг топ-10лигидан муқим ўрин эгаллаган. Мухлислар армияси, турнирдаги интрига, машхур номларнинг кўплиги ва юқори даражадаги темп. Отабек эндигина 26 ёшда. Яхши карьера қилиш учун ҳали ҳеч нарса бой берилгани йўқ. Асосийси, биринчи қадам ташланди. Жамоанинг имкониятлари ёмон эмас. Тўғри, чемпионлик учун курашади, деб бўлмайди, бироқ Андре Пирло қўл остида янги даражага кўтарилиши аниқ.
Ватандошимиз футбол тўлиқлигича бизнесга айланмаганини исботлабгина қолмай, ундаги қадриятлар ҳали ўлмаганини кўрсатиб берди. Унинг Туркия Суперлигасидаги ўйинларини мунтазам кузатиб боришингизни тавсия қиламан. Сабаби, Шукуров бу имкониятни 10 йил кутган ва унинг ҳар бир сониясидан фойдаланишга уриниши аниқ.
Яҳёхўжа улуғхўжаев
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас