Профессионал бокснинг биринчи ярим енгил вазн тоифасида (-55,3 кг) WBA ва IBF камарлари соҳиби Муроджон Аҳмадалиев (11-1, 8 КО) навбатдаги жангини IBF йўналишида мажбурий даъвогар Марлон Тапалесга (37-3, 19 КО) қарши ўтказди.
Ушбу беллашув Ўзбекистон вақти билан 9 апрель тонгида Сан-Антонио (АҚШ) шаҳрида ўтказилган бокс кечаси доирасида бўлиб ўтди. Жанг тўлиқ давом этди ва якунда ҳакамларнинг турли қарори билан Филиппин вакили ғолиб деб топилди.
Биринчи раунд деярли зарбаларсиз ўтди, сўнгги сонияларда йўлланган битта зарба орқали Тапалес раундни ўз фойдасига ҳал қилди. Кейинги икки раундда ҳам филиппинлик боксчи бироз фаол бўлди.
Тўртинчи раундга келиб Муроджон фаоллик қўшди ва зарбаларини ўтказа бошлади. 5-раундда тенг кураш кечган бўлса, кейинги икки раундда Аҳмадалиев фаолроқ бўлди. 8-раунд ўртача темпда ўтди. 9 ва 10-раундларда Муроджон қатор зарбалар сериясини амалга оширди.
11-раунд бироз сокин руҳда ўтди. Сўнгги раундда эса ўзбекистонлик боксичи рақибини қийин аҳволга солиб қўйди. Ҳакамлар қарори эса қуйидагича бўлди — 118:110, 113:115, 113:115.
Шу тариқа Аҳмадалиев профессионал боксдаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди. WBA ва IBF камарлари эса Тапалесга ўтди.