Суперлиганинг 9-турига старт берилди. Бу сафарги марказий тўқнашув Қарши шаҳрида юз беради. У ерда майдон эгалари – “Насаф” “Навбаҳор”ни қабул қилади. Ҳа, бу чинакамига афиша ва ортиқча таърифга ҳам ҳожат қолдирмайдиган қарама-қаршилик. Иккала жамоанинг амбициялари, мақсадлари бир хил. Тўғри, бу борада айтиш мумкинки, “Насаф” асосан ўзининг тарбияланувчилари ва билимдон мураббийи билан соврин ютиш илинжида машаққатли йўлга чиққан. “Навбаҳор” ҳам шу йўлда, фақат улар Ўзбекистоннинг топ-ўйинчилари билан биргаликда манзилга биринчи етиб келишни мақсад қилишган. Бу айнан Самвел Бабаяниннг бош вазифасидир.
Чемпионатимизнинг икки медаллар иштиёқида ёнаётган жамоалари ўртасидаги учрашув қандай ўтишини тасаввур қилаверинг. Бир-бирига рақобатчи жамоалар бундай тўқнашувда энг яхши ўйинларини кўрсатиш ҳаракатида бўладилар. Эсимда, ўтган йили Қаршида бўлиб ўтган учрашувда “Навбаҳор” шундай ўйин кўрсатгандики, мезбонларни ҳар томонлама блоклаб қўйганди. Бабаян Бердиевни “шахмат”часига мағлубиятга учратганди.
Статистика ҳам шуни кўрсатиб турибдики, Суперлигада охирги йилларда “Насаф” “Навбаҳор”ни ютишга қийналяпти. Чемпионатда ҳозирга қадар 52 та ўйин бўлиб ўтган. “Насаф”да 22 та, “Навбаҳор”да 14 та ғалаба бор. 16 та учрашувда дуранг натижа кузатилган. Тўплар нисбати 79\67 “Насаф” фойдасига. Иккала жамоанинг ўзаро учрашувлардаги энг йирик ғалабалари 6:0 ни ташкил қиляпти. 2004 йилда “Навбаҳор” Наманганда жавобсиз 6 та гол урган, “Насаф” эса 2016 йилги чемпионатда наманганликларни 6:0 ҳисобида тор-мор келтирганди. Энди бу жамоаларнинг охирги йиллардаги ўзаро учрашувларига тўхталамиз.
Наманганликлар икки йилдан бери Қаршидан 0:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтишмоқда. 2019 йили ҳам “Навбаҳор” “Насаф” майдонида ягона гол эвазига ютиб кетган. Хуллас, Рўзиқул Бердиев жамоаси охирги марта “Навбаҳор”ни 2017 йилги чемпионатнинг биринчи даврасида енгган. Ўшанда Қаршида 4:0 ҳисоби кузатилган. Шу ғалаба “Насаф” учун охиргиси бўлиб келяпти. Шундан бери ё дурнг ё “Навбаҳор” ютяпти. Яна бир маълумот: сўнгги бешта тўқнашувда “Насаф” “Навбаҳор”ни ютиш у ёқда турсин, ҳатто дарвозасига йўл топа олмаяпти. 2020 йилги биринчиликнинг дастлабки даврасидаги баҳсда “Насаф” ўз уйида 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган. Шундан бери қаршиликлар “Навбаҳор”га гол ура олишни уддалай олмаяпти.
“Навбаҳор” Қаршига мусобақа пешқадами сифатида келяпти. Уларни ҳисобида 15 очко бор. “Насаф” эса 14 очко билан 5-ўринда. Лекин ўртада фақат 1 очколик фарқ турибди холос. Биргина ғалаба қаршиликларни етакчига айлантириб қўйиши ҳам мумкин. Бунинг учун “Насаф” “Навбаҳор”га қарши ёқимсиз анъанасини бузишига тўғри келади. Лекин ўз навбатида “Навбаҳор” ҳам Қаршидаги ғалабали сериясини яна давом эттириш учун бор имкониятини ишга солиши турган гап. Рости, жамоалардан очиқ ўйин кутиш қийинроқ. Мураббийлар томонидан ишлаб чиқилган тактик услублар ушбу баҳсда асосий ўринга чиқади. Ўтган йили Самвел Бабаян танлаган тактикасининг иш бериши эвазига қимматли ғалабани қўлга киритиб кетган.
Биласиз, “Насаф” устози Рўзиқул Бердиев дисквалификация туфайли ўйинни мураббийлар штабида кўра олмайди. Унинг ёрдамчиси Шуҳрат Тошпўлатов бош мураббийнинг кўрсатмаларини майдон четида футболчиларга етказиб турибди. Бердиевнинг йўқлиги жамоа аъзоларига у қадар таъсир кўрсатмаса ҳам керак. Ҳар ҳолда “Насаф” ўтган сафар ҳам Бердиевсиз ғалаба қозонди. Лекин бу сафарги рақиб “Навбаҳор” эканлигини ҳисобга олсак, энди Бердиевнинг захира ўриндиғида бўлиши мезбонларга жуда зарурдек. Устига-устак “Навбаҳор”да шундай ўйинчилар борки, улар бемалол нафақат Осиёда, балки Европада тўп суриш имкониятига эгалар. Остон Ўрунов бугунги кунда шубҳасиз Ўзбекистон чемпионатида ўйнаётган энг кучли ўйинчи. Унинг даражаси Суперлиганикидан баланд, десак бу муболаға бўлмаса керак. “Насаф” билан учрашувда ҳам Ўруновни “ёпиш” “Насаф” йигитларига қўшимча муаммолар туғдирса ажаб эмас.
Бердиев ва Бабаян танлайдиган тактикага ҳам кўп нарса боғлиқ. Муҳими, марказий ўйин мақомига мос тарзда, ўтишидан умид қиламиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Манба: Sports.uz
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг