Асрор Алиқулов: "Биз футболчиларни танлашда хато қилдик ва шу хатоларимиз қимматга тушмоқда"
ОКМК - "Қизилқум" учрашувидан (4:0) сўнг меҳмон жамоа устози Асрор Алиқулов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақидаги фикрларингиз?
- Бугун мағлуб бўлдик ва барча айбни ўз бўйнимга оламан. Биринчи голга қадар ёмон ўйнамаётган эдик. Гол ўтказиб юбордик ва ўйин ўзгариб кетди, қизил карточкадан сўнг эса рақиб майдонда хоҳлаган ишини қилди.
- Ислом Кенжабоевнинг эътирозини мураббий сифатида ҳурматсизлик деб ҳисобламайсизми?
- У футболчининг ўзига боғлиқ. Биз жамоа сифатида унинг ҳаракатини нотўғри деб ҳисоблаймиз. Бу жамоадаги ички низо ва шундай ҳолатлар жамоанинг ўйинига албатта таъсир ўтказади.
- Жамоадаги ички муҳит бузилгандек эмасми?
- Бунга сабаб "Қизилқум"да футболчилар йўқлиги. Биз жамоадаги футболчиларни алмаштира олмаймиз. Футболчиларни танлашда хато қилдик ва шу хатоларимиз қимматга тушмоқда. Биз кўп футболчиларни йиғиб олдик. Футболчи майдонда ўзини шундай тутса мураббий учун қийин. Янги жамоа тузганмиз, жамоадаги ички муҳит кўпроқ ўтган мавсум тўп тепган футболчиларга боғлиқ ва улар жамоадаги ички муҳитни яратишлари керак эди. Таркибимизда жуда кўп янги футболчилар бор. Масалан легионерларимиз ҳар хил қитъалардан ва улар ҳали яхши чиқишиб кета олишмади.
- Ушбу муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб интизомми ёки ўйиндаги муаммолар?
- Кўп муаммолар интизом туфайли келиб чиқмоқда. Майдонда ўз вазифасини бажармайдиган футболчи сабаб, қолган позицияларга кўпроқ босим бўлади. Кўп ҳолатларда ҳам футболчиларга характер етишмаяпти.
- Жамоадаги энг муаммоли позиция қайси?
- Бизга плеймейкер етишмаяпти. Ҳужумга ўтаётган чоғимиз ўйинни назорат қиладиган ва ҳимояда ҳам ёрдам берадиган сифатли футболчи етишмаяпти. Станисавлевични йўқотганимиз қимматга тушди. Трансферлар ойнасида у билан келишиб олгандик, лекин Ўзбекистонга қайтиб келганидан сўнг бошқа жамоага бориб қўшилди. Биз таркибимизда бор футболчилар билан ҳаракат қилишга мажбурмиз.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг