21:51 / 01.07.2023
151

Гундўған «Барселона»ни кучайтиради — қайси позицияда?

Гундўған «Барселона»ни кучайтиради — қайси позицияда?

Фото: «Барселона» клуби матбуот хизмати

Илкай Гундўған «Барселона»га ўтди. 32 ёшли футболчи Хави жамоасини, албатта, кучайтиради. Нега? Ва қандай ролда? Қуйида шу ҳақда фикр юритилади.

Гундўған — яримҳимоянинг исталган позициясида ўйнай оладиган футболчи ва бир вақтнинг ўзида бир неча топ-мураббийлар билан ишлашда ноёб тажрибага эга: Гвардиола билан 7 йил, Клопп билан 4 йил, Тухел билан бир мавсум. Бунга Германия миллий жамоасидаги Лёв ва Фликни ҳам қўшинг. Ажойиб рўйхат.

Очиғи, бу тажриба яримҳимоячининг келажакда мураббий бўлиш истагига таъсир кўрсатган: «Ўйлайманки, дунёнинг энг зўрлари билан ишлагандан кейин мураббий бўлиб ишлаб кўриш имконияти ҳақида ўйламасам, ақлдан озган одам бўлардим».

Илкай — ақлли футболчи, ўйинни мукаммал таҳлил қила олади ва тўғри қарор қабул қилади. Мана Гвардиоланинг сўзлари: «У жуда — ақлли йигит, ақлли футболчи! Футболчиларда мен қадрлайдиган асосий фазилатлардан бири — бу ақл. Менга майдонда нима бўлаётганини тушунадиган ва ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам муаммоларни тезда ҳал қиладиган ўйинчилар ёқади».

Гундўған яримҳимояда исталган ролни ўйнашга қодир. «Манчестер Сити»да у «саккизлик», таянч яримҳимоячиси ва «алдамчи тўққизлик» позицияларида ўйнади. Шунингдек, Родри билан тандемда ҳаракат қилиб, ортдан қўшилган ҳолда жарима майдончаси ташқарисидан зарбалар берарди ёки ҳужумга иккинчи темп бағишларди. Умуман олганда, Пеп уни яримҳимоянинг ҳамма жойида синаб кўрди ва футболчи ишини яхши бажарди.

Яна Гвардиолага сўз берамиз: «Илкай — жуда муҳим футболчи. У турли позицияларда ўйнай олади: таянч зонасида барқарор, шу билан бирга жарима майдончасида ҳам хавфли бўлиши мумкин — ҳар жиҳатдан ажойиб ўйинчи».

Қуйида Гундўғаннинг Премьер-лиганинг ўтган мавсумида тўпга тегинган ҳудудлари харитаси. Футболчи деярли ҳамма жойда ҳаракатланган.

У кўпроқ чап қанотга мойиллигини кўриш мумкин. Номинал равишда, Илкай кўпинча ўйинни «чап саккизлик» ролида бошлаган.

«Барселона»да бу унинг асосий позициясига айланиши мумкин. Аммо бу ерда Хави жамоасидаги яримҳимоя билан умумий картинани яна бир бор тушуниш керак. Каталонияликларнинг ўзига хос ўйинчилари бор, аммо жамоадан кетган Бускетснинг ўрнига аниқ ўринбосар йўқ. Таянч яримҳимоячиси излаш клуб учун ёзги трансфер ойнасининг асосий вазифаси ҳисобланади.

«Ла Масиа»дан чиққан Нико Гонсалес ёки Марк Касадога имконият берилиши мумкин. Лекин Хави уларга асосий вариант сифатида қараши қийин.

Ҳозир «Барса» трансфер бозорида фаол, аммо «янги Бускетс» излаш ишлари қандай якунланиши аниқ эмас. Бу позицияни жамоадаги мавжуд ресурслардан Френки де Йонг ёпиши мумкин. Аммо бу позиция нидерландиялик футболчини қандай чеклаши бир неча ўйинларда кўринди. Френкига жуфтликдаги шерик билан анча қулайроқ.

Гундўған жуда бўлмаганда ягона таянч ярим ҳимоячиси сифатида ҳам ҳаракат қила олади, лекин бу вариант оптимал ҳисобланмайди. Биринчидан, у кўпроқ ҳужумкор позицияда жамоага кўпроқ нарса бера олади. Иккинчидан, унинг доимий равишда ушбу ролда ҳаракат қилишида маълум хавотирлар мавжуд.

Илкай Френки сингари кўпроқ мобил ўйин услубига интилади ва бу таянч ҳудудида ўйнаш учун энг яхши хусусият эмас, бу ерда кўпроқ ўз жойида бўлиш ва ҳудудни бўш қолдирмаслик керак. Шунинг учун, германиялик футболчини де Йонг, Педри ва Гави билан рақобатда «саккизлик» позициясида ишлатиш яхшироқ вариант бўлиб туюлади.

Масалан, чап қанот ҳужумида Гави ёки Педри, «саккизлик» ролида эса Френки ва Гундўған. Агар Хави алдамчи вингер ғоясидан чекинса, у ҳолда Педри чап ярим қанотдан, Френки ёки Гундўған ўнгдан ўрин олиши мумкин. Ёки аксинча. Вариантлар кўп, чунки Хавида майдон марказида турли сифатларга эга бўлган, бир-бирини тўлдириб, ўрнини боса оладиган футболчилар тўплами бор.

Гундўғанни «алдамчи тўққизлик» позициясида ишлатиш жуда қизиқ бўларди. Аммо Левандовски бор жамоада Хавининг яққол ҳужумчисиз ўйнашига ишониш қийин. Илкай бу позицияда тажрибага эга. Мисол учун, 2020/2021 йилги мавсумда Гундўғаннинг жарима майдончаси ичида «алдамчи тўққизлик» ролига ўтиши «Сити»га Премьер-лигадаги чемпионлик пойгасида устун келишга ёрдам берди ва футболчи ўшанда жамоанинг энг яхши тўпурари бўлди (13 гол).

«Барселона»нинг ҳозирги яримҳимоясида Илкай рақиб жарима майдончаси ичидаги энг хавфли ўйинчига айланади. У ўтган мавсумда «Сити»да 53 марта рақиб дарвозасига зарба йўллаган. «Барса»дан энг яқин таъқибчи — Гави (28). Илкай ҳисобида 7,5 та эҳтимолий гол бор, Педрида — 4,9. Бу даража ҳақида эмас, балки ўйин услуби ҳақида.

Хави Гундўғанни Левандовскининг ўрнини босувчи ва «алдамчи тўққизлик» билан ҳужумга қўшилувчи сифатида кўриши даргумон, аммо буни қўшимча вариант сифатида ҳисобласа арзийди. Ҳеч бўлмаганда Илкайнинг ҳужумга қўшилиш қобилиятидан фойдаланиш мумкин.

Хуллас, Гундўған — жаҳон даражасидаги футболчи, у майдондаги мавқейи ва ролидан қатъи назар жамоани, албатта, кучайтиради.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Гундўған «Барселона»ни кучайтиради — қайси позицияда?