Ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина спорт оламида ютмаган мусобақа қолмаган. 48 ёшли спортчимиз 2024 йили Парижда бўладиган Олимпия ўйинларида қатнашиш учун курашни давом эттиряпти.
Россиялик таниқли шарҳловчи Дмитрий Губерниев рекордчи спортчи Францияда бўладиган Олимпия ўйинларида ҳам муваффақиятли қатнашишига ишонмоқда.
- Бутун коинотда Чусовитинадақаси йўқ. Унинг қаршисида тиз чўкиб, бор шляпаларимни ечаман. Бўлажак Олимпиадада Оксана медаль қўлга киритса, умуман ҳайратланмайман.
У фантастик спортчи ва ҳозир ҳам фантастик формада. Мен унинг чиқишларини 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида кузатиб келаман. Чусовитина – феномен. Мен Оксанага омад тилайман, унинг фаолиятини кузатиб бораман ва ҳамон ҳайратланиб келаман, - деди Дмитрий Губерниев.
Бухорода туғилган Оксана Чусовитина фаолияти энг узоқ давом этаётган спорт гимнастикаси устаси ҳисобланади. Ҳамюртимиз саккиз маротаба Олимпия ўйинларида иштирок этган ягона гимнастикачи.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг