Ўзбекистон терма жамоаси собиқ сардори, "Олимпик" мураббийи Сервер Жепаров Эрон билан ўйиндан аввал ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Эрон ҳақиқатдан ҳам кучли жамоа. Таркибида сараланган футболчилар жамланган. Улар билан тезкор футбол ўйнаб, камроқ хато қилишимиз керак. Эрон билан доим нимадир етишмайди. Лекин ютган пайтларимиз ҳам бўлган. 2012 йил Теҳронда Эронни мағлубиятга учрата олганмиз. Аҳил жамоа бўлгандик. Имкониятдан фойдаланганмиз. Ҳимояда камроқ хатога йўл қўйганмиз. Худди шу каби эртага ҳам мудофаа чизиғида тартибли ўйнашимиз зарур.
Эрон асосий эътиборни стандарт вазиятларга қаратади. Бурчак зарбалари, жарима тўпларида жуда эҳтиёт бўлиш талаб қилинади. Бу - футбол. Унда олдиндан ҳеч нарса деб бўлмайди. Лекин ўйинга яхши тайёрланган, функционал, тактик томонлама етарлича ҳозирлик кўрган жамоа натижага эришади. Ўзбекистон терма жамоасига омад тилайман. Жаҳон чемпионатига чиқишини тилаб қоламан", - деди Сервер Жепаров.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг