17:00 / 21.12.2023
744

Шомуродовнинг нархи тушиб кетди

Шомуродовнинг нархи тушиб кетди

Трансферларга ихтисослашган transfermarkt.world портали А Серия футболчиларининг трансфер суммаларини янгилади.

Италия чемпионатининг юқори дивизионида йигирмата жамоада 569 нафар футболчи рўйхатдан ўтказилган. Улардан 63,3 фоизи, яъни 360 нафари дунёнинг олтмиш тўққизта давлатидан келган легионерлардир.

Янги кўрсаткичларга кўра, ижара асосида “Кальяри” шарафини ҳимоя қилаётган Элдор Шомуродовнинг трансфер суммаси бир миллион еврога арзонлади.

Айни пайтда 28 ёшли ҳужумчимиз беш миллион еврога баҳоланмоқда. Нархнинг тушиши легионеримизнинг захирада ўтириб қолаётгани ва самарали ўйин кўрсата олмаётгани билан боғлиқ.

Элдор Шомуродов 2020 йилнинг октябрь ойида Россия Премьер-лигасининг “Ростов” клубидан Италиянинг энг қадимий жамоаси – “Женоа”га кўчиб ўтганида портал томонидан 6,5 миллион еврога баҳоланган эди.

Генуя клубидаги муваффақиятли иштироки натижасида ҳамюртимизнинг трансфер нархи ҳам кўтарилиб борди.

Шомуродов 2021 йилнинг ёзида “Рома”га кўчиб ўтганидан кейин www.transfermarkt.world портали экспертлари томонидан октябрь ойида янгиланган рейтингда ҳамюртимиз 14 миллион еврога баҳоланган эди. Бу кўрсаткич, ўзбек футболи тарихида энг қиммат нарх сифатида қайд этилган.

Таъкидлаш жоизки, Шомуродовнинг трансферини амалга оширган Италия клублари футболчимиз порталда кўрсатилганидан қимматроқ сумма сарф қилган. Элдор Шомуродов “Женоа”га умумий ҳисобда бонуслар билан қўшиб ҳисоблаганда 9,5 миллион еврога тушган.

Рим клуби эса, ўзбек футболчисини қўлга киритиш учун 18 миллион евро харажат қилишига тўғри келган.

Шунга қарамай, Шомуродовнинг кейинги уч жамоа – “Рома”, Специя” ва “Кальяри”даги фаолияти кутилган даражада бўлмаяпти ва бу ўз-ўзидан унинг трансфер нархининг мунтазам пасайишига олиб келмоқда.

Трансфермаркт портали А Серияда нархи кескин пасайган футболчилар рўйхати қуйидагича кўриниш олди:

Николо Фаджоли («Ювентус») — € 15 млн (- 20 млн евро);

 Виктор Осимхен («Наполи») — € 110 млн (- 10 млн евро);

 Душан Влахович («Ювентус») — € 60 млн (- 7 млн евро);

 Даити Камада («Лацио») — € 20 млн (- 7 млн евро);

 Хвича Кварацхелия («Наполи») — € 80 млн (- 5 млн евро);

 Тео Эрнандес («Милан») — € 55 млн (- 5 млн евро);

 Станислав Лоботка («Наполи») — € 35 млн (- 5 млн евро);

 Андре Замбо Ангисса («Наполи») — € 35 млн (- 5 млн евро);

 Ромелу Лукаку («Рома») — € 35 млн (- 5 млн евро);

 Пётр Зелиньски («Наполи») — € 35 млн (- 5 млн евро).


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродовнинг нархи тушиб кетди