16:30 / 24.03.2024
352

Ўзбекистон – Гонконг ўйинига оид маълумотлар

Ўзбекистон – Гонконг ўйинига оид маълумотлар
26 март куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионати Осиё минтақаси саралаш турнирининг иккинчи босқичида Гонконг футболчиларига қарши иккинчи учрашувини ўтказади.

Учинчи турдан ўрин олган ва рақиб майдонида ўтказилган “Е” гуруҳидаги учинчи тур беллашувида ҳамюртларимиз легионер ўйинчилар – Элдор Шомуродов ва Рустам Ашурматов голлари эвазига 2:0 ҳисобида зафар қучди.

Футболни ёритиб бораётган манбалар ўйиндан аввал турли таҳлил ва статистик маълумотларни тақдим эта бошлади.

Sports.uz портали Ўзбекистон ва Гонконг учрашувига доир маълумотларни мухлислар эътиборига ҳавола этади.

Осиё футбол конфедерацияси (the-afc.com):

Қитъа саралаш турнирининг иккинчи босқич тўртинчи турида ғалаба қозониш орқали Қатар (“А” гуруҳи), Эрон ва Ўзбекистон (“Е” гуруҳи), Ироқ (“F” гуруҳи), Саудия Арабистони (“G” гуруҳи), Бирлашган Араб Амирликлари (“Н” гуруҳи) ва Австралия (“I” гуруҳи) муддатидан олдин жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичи ва 2027 йили Сауди Арабистони мезбонлик қиладиган Осиё кубогининг финал босқичига йўлланма олиши мумкин.

Шунга қарамай, айрим жамоаларнинг кейинги босқичга йўлланма олиши гуруҳдаги иккинчи учрашув натижасига ҳам боғлиқ бўлади.

BONGDAPLUS статистика ташкилоти (bongdaplus.vn):

Эрон ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари гуруҳда Туркманистон ва Гонконгдан ҳар томонлама устунлигини исботлади ва учинчи турдан сўнг 7 тадан очко билан дастлабки икки ўринни бўлишиб турибди.

Ўзбекистон ҳақида тўхталсак, бу терма жамоа 26 март куни уй учрашувда Гонконгни енгиши билан саралаш мусобақасининг учинчи раундига йўл олади. Бу Сречко Катанец шогирдлари учун унчалик қийин вазифа эмас. Жамоаларнинг биринчи баҳсида улар гонконгликларни жавобсиз иккита гол билан таслим қилди.

Гонконг бир неча хорижлик футболчиларни маҳаллийлаштирганига қарамай, терма жамоа ўйинини сезиларли даражада кучайтира олгани йўқ. Бош мураббий Йорн Андерсон жамоаси ўйин услуби узун ва юқоридан узатилган пасларга асосланган. Ўзбекистонликлар эса, жисмонан бақувват бўлиш баробарида техникаси кучли ва уларда футбол интеллекти яхши ривожланган, мосланувчан ва бир неча усулда ўйнай олади, узоқ ва яқин масофага тўп етказиш орқали ўйинда вазиятдан келиб чиқиб, бир неча усулларни уйғунлаштириб ҳаракат қилиши мумкин.

Тошкентдаги ўйинда меҳмонларни катта босим кутиб турибди. Йорн Андерсон шогирдлари фақатгина мезбонларнинг ўз мақсадига етишига халақит қилишга уриниб кўриши мумкин. Бунда оптимал вариант оммавий ҳимоя усулини қўллаш ҳисобланади. Бироқ Ўзбекистоннинг савияси сезиларли даражада юқорилиги туфайли гонконгликлар бир очко олишни орзу қилиши ҳам қийин масала.

WILDSTAT футбол натижалари ва статистика портали (wildstat.ru):

Футбол статистикаларига ихтисослашган ушбу портал маълумотига кўра, Ўзбекистон ва Гонконг терма жамоалари ўзаро саккиз маротаба тўқнаш келган. Баҳсларнинг барчаси расмий даражада ўтказилган.

Илк учрашув 1994 йили Япониянинг Хиросима шаҳридаги Осиё ўйинларига тўғри келади ва ўшанда футболчиларимиз гуруҳ баҳсида 1:0 ҳисобида зафар қучган эди.

Орадан 9 йил ўтиб, Осиё кубогининг саралаш мусобақаларида ҳамюртларимиз икки учрашувда 4:1 ва 1:0 ҳисобида зафар қучган.

Кейинроқ, қитъа чемпионати саралаш турнирида 2006 йили икки марта ва 2013 йили бир бор 2:2, 0:0, 0:0 ҳисобида кетма-кет уч маротаба дуранг натижа қайд этилган.

2013 йилдаги иккинчи баҳсда Ўзбекистон сафардан 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтган. Терма жамоамизнинг муваффақиятли юриши бу йил ҳам давом этиб, ўзаро саккизинчи учрашувда ҳам рақиб майдонида иккита тўп киритилди.

Ўзбекистонлик чарм тўп усталари Гонконг вакиллари билан ўзаро саккизта учрашувда бешта ғалаба ва учта дурангга эришган ва тўплар нисбати бўйича ҳам устунлик марказий осиёликлар томонида – 12:3.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон – Гонконг ўйинига оид маълумотлар