10:48 / 12.08.2024
295

Парижда XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари якунланди

Парижда XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари якунланди
11 август, якшанба куни кечки пайт Франция пойтахти шимолидаги «Стад де Франс» стадионида Париж Олимпиадасининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. 30 даража иссиққа қарамай, тўлиқ тўлган трибуналарга 71 500 томошабин келди, тантанали маросим учун 2024 йилги Олимпиада ўйинларида қатнашган 200 дан ортиқ давлатдан 9 минг нафар спортчи ва ёрдамчи жамоалар аренанинг ўзида йиғилди. Ўзбекистон байроғини таэквондочи Улуғбек Рашитов олиб ўтди.

Ташкилотчилар томонидан «Рекордлар» деб аталган маросим Франциянинг асосий шаҳрига қўшиқ бағишлаш билан бошланди: Лувр ёнидаги Тюилри боғида франциялик Зао де Сагазан ва хор Sous le ciel de Paris («Париж осмони остида») қўшиғини ижро этишди. Спорт аренаси саҳнасига жами 100 дан ортиқ ижрочилар, акробатлар, раққосалар ва цирк артистлари чиқди. Шоу режиссёри Тома Жолли таъкидлаганидек, унинг мақсади Ўйинларнинг келиб чиқиши ва келажагига саёҳатдир.

Маросимнинг энг эсда қоларли мусиқий чиқишларидан бири пианиночи Ален Рошенинг вертикал осилган роялда «Аполлон мадҳияси»ни ижро этгани ва унинг чиқиши охирида бешта олимпия ҳалқалари ҳавода ягона проекцияга айлангани бўлди.

Олимпиада байроғини Париж мэри лос-анжелеслик ҳамкасбига топширди

Маросимда Париж мэри Анн Ҳидалго байроқни лос-анжелеслик ҳамкасби Карен Бассга топширди. Калифорния пойтахти 2028 йилда навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларига мезбонлик қилади.

Навбатдаги Олимпиада ташкилотчилари томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган ёпилиш маросимининг иккинчи қисми бош қаҳрамони Ҳолливуд юлдузи Том Круз бўлди. 62 ёшли актёр драматик чиқишни амалга оширди, «Стад де Франс» томидан аренага тушиб, Олимпиада байроғини ушлаб, мотоциклга сакраб ўтирди. Кейин у тунда Париж бўйлаб юриб, мотоциклда «Бажариш мумкин бўлмаган миссия» филмлари услубида тўғридан тўғри самолётга чиқди.

Маросимда АҚШ томонидан мусиқий қисмни қўшиқчи Билли Айлиш, рэп ижрочи ва Париждаги Олимпиада ўйинларининг асосий иштирокчиси Снуп Догг ҳамда Лос-Анжелеснинг «ташриф қоғози» - Red Hot Chili Peppers ўз зиммасига олди.

Париждаги Олимпиада натижалари

Ўзбекистон спорт делегацияси ўйинларни тарихий натижа билан, 206 мамлакат орасида 13-ўринда якунлади. Бу – Осиё қитъасидаги тўртинчи, постсовет макони, ислом олами ва туркий дунё миқёсида эса энг яхши натижа. Ўзбекистон ҳисобидаги 13 та медалдан иборат жамғарма таркиби – 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронзадан иборат бўлди.

Украина учта олтин, бешта кумуш ва тўртта бронза медали билан 22-ўринни эгаллаб, мамлакатнинг сўнгги 12 йилдаги энг яхши кўрсаткичини қайд этди. АҚШ терма жамоаси Париж Олимпиадасининг медаллар жамғармасида ғолибликни қўлга киритди. Унда 40 та олтин, 44 та кумуш ва 42 та бронза медали бор. Мусобақанинг сўнгги кунида америкаликлар Хитойни мағлуб этишди - Хитой терма жамоасида ҳам 40 та олтин медал бор, аммо кумуш ва бронза анча кам.









arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Парижда XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари якунланди