20:55 / 30.09.2024
12

Франциянинг ПСЖ клуби Абдуқодир Ҳусановни таркибига қўшиб олиши кутиляпти!

Франциянинг ПСЖ клуби Абдуқодир Ҳусановни таркибига қўшиб олиши кутиляпти!
Абдуқодир Ҳусанов Европада машҳурлик бўйича тез орада Италияда тўрт йилдан бери ўйнаётган тажрибали ҳужумчимиз Элдор Шомуродовдан ўзиб кетади.

20 ёшли марказий ҳимоячи “Ланс” таркибида жуда кучли ўйин намойиш қилмоқда. Мавсум бошидан бери деярли ҳар бир учрашувида жамоасининг энг зўр ўйинчиси сифатида эътироф этилмоқда.

Легионеримиз бошқараётган ҳимоя чизиғи Франция чемпионатида энг мустаҳками ҳисобланади. Олтинчи турдан сўнг лансликлар фақат иккитагина тўп ўтказиб юборгани қайд этилган. “Ланс” олтита ўйиндан тўрттасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Бунда ҳамюртимизнинг ҳиссаси катта.

Франция матбуоти ишончли ўйин намойиш қилиб келаётган Абдуқодир Ҳусанов ПСЖ клубининг нишонига тушгани ҳақида ёза бошлади.

Фредерик Ле Лей, jeunesfooteux.com сайти эксперти:
- Кевин Дансо йўқлигида унинг ўрнини эгаллаган Абдуқодир Ҳусанов “Ланс” ҳимоя чизиғини юқори даражада бошқара олишини исботлади. Айниқса, “Ницца”га қарши ўтказилган охирги баҳсда 20 ёшли футболчи ёшлигига қарамай, анча хотиржам ўйини билан кўпчиликнинг эътиборини тортди. Илгари “Ланс” ҳимоячиларидан фақатгина Рафаэль Варан шундай таассурот қолдирганди.

Жамоа дарвозабони Брис Самба Ҳусанов бунақа ўйини билан жамоада узоқ қолмаслигини таъкидлаганди. Шундай бўладиганга ўхшайди. Ҳусанов Европанинг номдор клублари эътиборини қозона бошлади.

Абдуқодирнинг мавсум бошидан бери баҳоси мунтазам кўтарилиб бормоқда. ПСЖ бу ҳимоячини сўраб, “Ланс” эшигини қоқиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқала бошлади. “Ланс” трансфер бўйича жек-потни урадими?

Тибо Морлен, le10sport.com сайти эксперти, собиқ футболчи:
- Брэдли Баркола, Дезире Дуэ ва яна ким? ПСЖ кейинги пайтда таркибини кучайтириш учун Лига 1 жамоаларидан истеъдодларни топишга ҳаракат қилмоқда. Пойтахтликлар Франция чемпионатида трансфер ишларини давом эттиради. ПСЖ ўзи қидираётган марказий ҳимоячини айнан “Ланс”дан топиши мумкин.

Ёзда ПСЖ 40 миллион евро тўлаб марказий ҳимоячи Виллиан Пачони таркибга қўшиб олди. Улар бу билан кифояланмоқчи эмас ва бу позицияга яна бир ўйинчи олишни мўлжаллаяпти. Чунки, Милан Шкриньярнинг жамоадаги келажаги мавҳум. Шу боис, ПСЖ ўзига мос марказий ҳимоячини “Ланс”дан топади. Абдуқодир Ҳусанов ҳам фаолиятини ПСЖда давом эттиришга қарши бўлмаса керак?

Фабьен Шорле, butfootballclub.fr журналисти:
- 2023 йили Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасидан “Ланс”га келган Абдуқодир Ҳусановни ҳеч ким танимас эди. Шундан кейин у лансликлар жамоасида секин-аста ном қозона бошлади ва бугунга келиб ўзини жамоа ҳимоя чизиғининг ҳақиқий етакчиси сифатида намоён қилмоқда.

Ўзбек футболчиси қуч-қуввати, тезлиги, позиция танлаш қобилияти ва сезгирлиги билан “Ланс” ҳимоя чизиғи марказидан муқим жой олди.

Абдуқодирнинг юқори даражадаги ўйини Европанинг катта клублари назаридан четда қолиб кетмаслиги аниқ. Абдуқодир Ҳусанов нималарга қодирлигини кўрсатган “Ницца” билан ўйиндан кейин таниқли инсайдер Муҳаммад Тубаш-Тер ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали ўзбек футболчиси яқин орада ПСЖда пайдо бўлиши ҳақида маълумот тарқатди.

- Абдуқодир Ҳусанов ПСЖда ўйнашига аминман, - деб ёзди инсайдер Муҳаммад Тубаш-Тер.

Эслатиб ўтамиз, “Ланс” Абдуқодир Ҳусановни ўтган йили ёзда 100 минг евро эвазига трансфер қилган эди. Бугунги кунда легионеримизнинг трансфер суммаси 2,5 миллион еврони ташкил қилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, асосий жамоанинг бошланғич таркибида мунтазам юқори даражада ўйнаётган марказий ҳимоячининг трансфер суммаси тез орада яна кўтарилади.

ПСЖ масаласи қанчалар ҳақиқатга яқин эканини вақт кўрсатади. Бироқ, Абдуқодир Ҳусановнинг ҳимоя қўрғонига айланиб бораётган гранд клублар назаридан четда қолмаслиги аниқ масала. Янгиликларни кутиб қоламиз...

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Франциянинг ПСЖ клуби Абдуқодир Ҳусановни таркибига қўшиб олиши кутиляпти!
ePN