09:16 / 17.12.2024
16

Аббосбек Файзуллаевнинг “нозик” томонини ошкор қилишди

Аббосбек Файзуллаевнинг “нозик” томонини ошкор қилишди
Аббосбек Файзуллаев кетма-кет иккинчи маротаба Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси совринини қўлга киритди. Ундан аввалроқ, Аббосбек Осиё қитъасининг 2024 йилдаги энг яхши футболчиси номинациясида ғолиб чиққан эди.

2024 йил давомида 21 ёшли футболчимиз ЦСКА таркибида Россия Премьер-лигаси ва мамлакат кубоги, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида Осиё кубоги ва Олимпия ўйинлари, Ўзбекистон миллий терма жамоасида Осиё чемпионати ва 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнири доирасидаги учрашувларда маҳорат кўрсатди.

Индивидуал совринлар истеъдодли футболчининг клуб ва терма жамоалар миқёсидаги мусобақаларда муваффақиятли тўп тепаётганидан далолат беради.

Россия футбол экспертлари айни пайтда Европанинг бир неча клублари қизиқиш билдираётган Аббосбек Файзуллаевнинг ўйинларини таҳлил қилиб, унинг кучли жиҳатлари билан бирга айрим нозик томонлари борлигига ҳам эътибор қаратди.

Геннадий Костилёв, ЦСКА собиқ футболчиси:
Аббосбек Файзуллаев мунтазам юқори савияда ўйнайди, деб умид қилиб бўлмайди. Тўлиқ мавсумни юқори даражада ўтказишга унинг қуч-қуввати етмайди. Пасайишлар ва кўтарилишлар бўлади. Инсонда ўсиш давом этаётган даврда бу табиий ҳол.

Спортчи бир порлайди, кейин яна пасайиш кузатилади. Барқарорликни сақлаб қола оладиганлари жуда кам. Бунда мураббийларнинг маҳорати ва спортчининг истеъдоди, сифатлари муҳим аҳамият касб этади.

Файзуллаев – яхши ўйинчи, лекин у юкламаларни қай даражада ва қачонгача кўтара олиши менга номаълум. Ҳозирча у ўзининг маҳорати билан қолганлардан яққол ажралиб турибди. Аббос ақлли футбол намойиш қиляпти. Айёрона ва ўзига хос ечимлар қўллай олади.

Ўзбек футболчиси майдон марказида зўр ўйнайди, лекин ҳимояга ёрдам беришга ҳар доим ҳам улгурмаяпти. Ҳозир футболчилардан универсал бўлиш, ҳужум қилиш қатори ҳимояланишни билиш ҳам талаб қилиняпти.

Аббос ҳарчанд ҳаракат қилмасин ҳимояда самарали ўйнаши қийин кечмоқда.

Валерий Масалитин, ЦСКА собиқ футболчиси:
ЦСКА ҳужумчиси Тамерлан Мусаев жарима майдончаси ўйинчиси ҳисобланади. Бу ҳудуддан ташқарида ундан фойда йўқ. Рақиб дарвозаси қаршисида ўзини сувга тушган балиқдек ҳис қилади. Мусаев янада кўпроқ гол уриши учун қанотлардан ҳужумни кучайтириш керак. Ҳозир эса, Иван Обляков ва Аббосбек Файзуллаев юқори спорт формасида эмас.

Файзуллаев терма жамоадаги ўйинларга бориб келавериб анча чарчаб қолди. Бу йигит йил давомида умуман ҳордиқ чиқаргани йўқ. Шунинг учун Файзуллаев ўтган йили намойиш қилган самарали ўйинини ҳозир ҳар доим ҳам кўрсата олаётгани йўқ. Мен бу ҳолатнинг унинг ёшлиги ва бироз толиқиб қолгани билан изоҳлаган бўлардим.

Аббосбек Файзуллаев “Пахтакор”дан ЦСКАга 2023 йилнинг августида трансфер қилинган. “Армиячилар”нинг етакчисига айланган 21 ёшли ҳужумкор футболчининг трансфер нархи мунтазам ошиб бормоқда. Куни кеча Transfermarkt портали экспертлари легионеримизнинг трансфер суммасини 8 миллион евро қилиб белгилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Аббосбек Файзуллаевнинг “нозик” томонини ошкор қилишди