21:50 / 18.01.2025
986

Абдуқодир Ҳусанов ўтган синовларда кўплар синиб кетади!

Абдуқодир Ҳусанов ўтган синовларда кўплар синиб кетади!
Абдуқодир Ҳусановнинг “Энергетик-БГУ” жамоасида профессионал футболчилик фаолиятини бошлашган даврда унга мураббийлик қилган Павел Роднёнок ўзбек ҳимоячисининг “Манчестер Сити”га ўтганига муносабат билдириб, легионеримиз ҳақида қизиқарли маълумотлар берди.

Ҳусановнинг салоҳияти улкан

Ростини айтсам, Ҳусановнинг “Манчестер Сити”га трансферидан ҳайратланганим йўқ. Чунки унинг салоҳияти улкан эканини биламан. Энг муҳими, унинг ҳаёт йўли давомида уни олға бошлайдиган ва ривожига ҳисса қўшадиган инсонлар рўбарў бўлишидир.

Масалан, менинг қўлимдан жуда кўп катта иқтидорга эга футболчилар ўтган, лекин улар кейинчалик атрофидагиларнинг нотўғри қарорлари туфайли юксак савияда ўйнаб кета олмади.

Ҳусановда ундай бўлмади. Беларусда ҳам, Францияда ҳам керакли жойга тушди. Агар Абдуқодир бизнинг жамоага келмасдан, “Динамо Минск” ёки бошқа клубга ўтганида, ҳозир бунақа ҳимоячи бўлмас эди.

Ҳусанов ноёб сифатга эга

Абдуқодир Ҳусанов шиддатли ўйинчи, унинг ўзи яккакурашларга кириб боради, тўпни олиб қўйишга уста. Бу жуда ноёб қобилият. Кейинги пайтда бизда тўпни олиб қўйишни унутиб юборишди. Ҳамма ўйинчилар ўзини худди тўп учун курашаётгандек кўрсатса, Абдуқодир уни тортиб олади.

Бу туғма истеъдод. Биз унинг бу иқтидорини мукаммал даражага олиб чиқишга уринганмиз.

Ҳозир Ҳусанов собиқ иттифоқ ҳудудида энг кучли ҳимоячи эканига аминман. Бунга шубҳа қиладиган бирор ким борми?

Ҳусанов кунига тўрт маҳалдан шуғулланган

Тасаввур қилинг: ёшгина йигит келди, олий лигада ўйнаб кетди ва Франция чемпионатига йўл олди. Табиийки, катта ўсишга эришгани учун шундай бўлди. Бунинг учун қандай улкан ҳажмдаги ишларни қилганини сиз тасаввур ҳам қила олмайсиз.

Тушунишингиз учун айтаман: кунига унинг икки маҳал умумжамоавий ва икки марта мустақил машғулоти бўларди. Қўшимчасига индивидуал машғулот ўтарди. Бундан ташқари, Ҳусановга ҳар бир машғулот ва ўйиндан кейин турли вазиятлар акс этган лавҳалар бериларди ва Абдуқодир уларни таҳлил қилиб чиқарди.

“Энергетик-БГУ”да ишга ана шундай муносабат бўлган. Кимки ана шу талабларга жавоб берса, ўйнаб кета олади. Кучи етмаган заиф ўйинчилар таркибдан тушиб қолаверади.

Таъкидлаш жоизки, Абдуқодир Ҳусанов илк профессионал шартномасини 2022 йилнинг 17 мартида “Энергетик-БГУ” билан имзолаган. Бир йилдан кейин легионеримиз Франциянинг ўша пайтдаги вице-чемпиони “Ланс” сафига кўчиб ўтди.

Ҳусанов “Ланс” таркибида Франция чемпионати ва кубоги, УЕФАнинг учта халқаро мусобақаси – Чемпионлар лигаси, Европа Лигаси ва Конференциялар лигаси иштирокчиси ҳисобланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт