Сречко Катанец Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийлигидан кетди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон футбол ассоциацияси.
«Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан тузилган шартномани ўзаро розилик билан бекор қилишга қарор қилди.
Словениялик мураббий ўз мурожаатида ҳозирги ҳолатида вазифаларини тўлақонли, профессионал тарзда бажара олмаслигини афсус билан қайд этди. Доимий қўллаб-қувватлагани ва самарали ҳамкорлик учун ассоциацияга ўз миннатдорчилигини билдирди. Терма жамоамизга Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида омад тилади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон футбол ассоциацияси Сречко Катанецга терма жамоамиз бошқарувидаги меҳнатларини учун миннатдорчилик билдиради. Саломатлигини тиклаб, мураббийлик фаолиятини муваффақиятли давом эттиришини тилайди», — дейилади хабарда.
Фото: ЎФА
Шу тариқа, ЎФА ва 62 ёшли мутахассис ўртасидаги шартнома ўзаро дўстона муносабатларни сақлаган ҳолда бекор қилинган.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий жамоа бош мураббийи лавозимига муносиб номзод тайинлаш борасида иш олиб бораётгани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, Сречко Катанец билан 2021 йил августида 2025 йилга қадар мўлжалланган шартнома тузилганди. У Ўзбекистонга келгунига қадар Македония, Бирлашган Араб Амирлиги, Словения ва Ироқ миллий жамоаларини бошқарган, Словения миллий жамоасини тарихда илк бор Жаҳон ва Европа чемпионатларига олиб чиққанди.
Катанец 2024 йил октябрида саломатлиги ёмонлашгани боис ЖЧ-2026 саралаши доирасида Эрон ва БАА билан ўйинларда жамоани бошқара олмаганди. У кейинги ўйинларда жамоага қайтган, аммо 2025 йил 20 январ куни жамоа Доҳадаги йиғинга усиз йўл олганди. Манбаларга кўра, у саратон хасталигига чалинган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар