date
views 1 190

Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити»дан кетиши мумкин: унинг тақдири қайси клуб билан боғлиқ?

Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити»дан кетиши мумкин: унинг тақдири қайси клуб билан боғлиқ?
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ёш иқтидорли ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг «Манчестер Сити»даги келажаги ҳозирча ноаниқ бўлиб турибди. 21 ёшли футболчи атрофидаги вазият европалик журналистлар ва футбол экспертларининг диққат марказига тушган.

Бир қатор нуфузли нашрлар маълум қилишича, «шаҳарликлар» ёш футболчига мунтазам ўйин амалиёти тақдим этиш мақсадида уни бошқа клубга ижара асосида бериши мумкин. Бу орқали Абдуқодир Европа футболи тезлигига мослашиши ва муҳим тажриба орттириши мумкин бўлади.

Қизиғи, февраль ойида «Манчестер Сити»нинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинган Абдуқодир, кейинги ўйинларда ўз ўрнини йўқотиб қўйди ва асосий таркибдан захира ўриндиғига ўтиб қолди.

Манчестер клубининг бош мураббийи Хосеп Гвардиола ҳам ижара муддати Ҳусановнинг келажакдаги салоҳияти учун фойдали эканлигини таъкидлаб, бу тажриба унинг профессионал ўсишига ёрдам беришини айтган.

Ҳозирда эса секин-аста Абдуқодир Ҳусановга қизиқиш билдирган жамоаларнинг номи ойдинлаша бошлади. Италиянинг lalazio.com сайти тарқатган маълумотларга кўра, А Сериянинг етакчи клублари уни қўлга киритиш имкониятини ўрганмоқда.

«А Сериянинг кучли жамоалари трансфер бозоридаги ҳаракатларини ҳеч қачон тўхтатмайди. Улар навбатдаги трансфер ойнасига ҳозирданоқ тайёргарлик кўришяпти. Айрим клублар мавсумнинг қизғин палласи бўлишига қарамай, ўз таркибини кучайтириш учун янги номларни белгилаб қўйган. Улар орасида «Манчестер Сити»нинг иқтидорли ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ҳам бор», — деб ёзмоқда lalazio.com.

Манчестерликлар қишда Франциянинг «Ланс» клубидан 40 миллион еврога сотиб олган бу футболчи, Италия клублари учун катта қизиқиш уйғотмоқда. Хусусан, Туриннинг машҳур «Ювентус» клуби Абдуқодирни ўз сафига қўшиб олишни мақсад қилган.

Испан нашри fichajes.net хабарига кўра, «Манчестер Сити» раҳбарияти Абдуқодир билан хайрлашиш вариантини жиддий ўйламоқда. «Ювентус» эса вазиятдан унумли фойдаланиб, ўзбек ҳимоячисини Италияга олиб келиш учун молиявий имкониятларни кўриб чиқяпти.

Қизиқ бир жиҳати шундаки, бу трансфер икки клуб ўртасида футболчи алмашиш орқали ҳам амалга ошиши мумкин. «Манчестер Сити» анча вақтдан бери «Ювентус» ҳимоячиси Андреа Камбьязони кузатиб келмоқда ва ёзда икки клуб Ҳусанов ва Камбьязо алмашинуви борасида музокара олиб бориши кутилаяпти.

Италиялик эксперт М.Салваторенинг таъкидлашича, агар келишув амалга ошса, «Ювентус» футболчи алмашувидан ташқари муайян миқдорда пул ҳам ишлаб олиши мумкин.

Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити»га ўтишидан аввал ҳам Европанинг йигирмага яқин клубидан таклифлар олган эди. Шундай экан, у манчестерликларни тарк этган тақдирда ҳам ишсиз қолмаслиги аниқ. Ҳусановнинг келажаги қайси клуб билан боғлиқ бўлиши ўзбек мухлислари учун қизиқарли мавзу бўлиб қолмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити»дан кетиши мумкин: унинг тақдири қайси клуб билан боғлиқ?