date
views 16

Гвардиола мавсумдан норози: «Бу мавсум биз учун яхши ўтмаяпти, лекин...»

Гвардиола мавсумдан норози: «Бу мавсум биз учун яхши ўтмаяпти, лекин...»
Англиянинг «Манчестер Сити» клуби бош мураббийи Хосеп Гвардиола Англия кубоги ярим финалидан ўрин олган «Ноттингем Форест»га қарши учрашув олдидан жамоасининг бу мавсумдаги натижалари ва ҳозирги ҳолати ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Испаниялик мутахассис мавсумни яхши деб аташ учун асосий мезон Премьер-лигадаги натижалар бўлиши кераклиги, аммо жорий мавсумда «шаҳарликлар»нинг кўрсаткичлари уни қониқтирмаганини очиқ-ойдин таъкидлади.

«Англия Кубогининг финалига чиқсак ҳам, Чемпионлар лигасига йўл олсак ҳам, бу мавсум бизнинг истаган даражамизда эмас. Мен учун мавсумнинг яхши ўтганини кўрсатувчи асосий мезон доим Премьер-лига бўлиб қолаверади. Бу йил эса биз у ерда ўз даражамиздан анча пастдамиз. Лекин бу ҳолатдан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкинлигини унутмаслик лозим. Биз айни дамда 3-ўриндамиз, вазият 4 ёки 5-ўринда ёки ундан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин эди», — деди Гвардиола.

Шунингдек, «Манчестер Сити» устози жамоаси кетма-кет учинчи бор Англия кубоги финалига чиқиш имкониятига эга эканлигини эслатар экан, бунга эришиш осон бўлмаслигини, олдинда жуда кучли рақиб турибди, деб ҳисоблайди.

«Биз кетма-кет учинчи бор Англия кубогининг финалига чиқиш имкониятига эгамиз. Лекин буни амалга ошириш учун жуда жиддий ва кучли рақибни енгишимиз керак», — дея фикр билдирди мураббий.

Шу билан бирга, Хосеп Гвардиола Англия Кубогида ғолиб бўлиш ҳам жамоа ўзининг аввалги юқори даражасига қайтганини англатмаслигини урғулади.

«Биз бу кубокда ғалаба қозонсак ҳам, бу аввалги юқори ҳолатимизга қайтганимизни англатмайди. Чемпионликлар икки кунда унутилади. Лекин бу соврин мухлисларимизни жуда қувонтиради. Айни вақтда нечта соврин ютганинг муҳим эмас. Биз Премьер-лигада учинчи ўриндамиз. Ғалаба қозонган ўйинларимизда ҳам аслида кучсиз томонларимиз кўринди, мукаммал ўйнай олмадик», — дейди испаниялик мутахассис.

Шу билан бирга, Гвардиола келаси мавсумда «Манчестер Сити» яна ўзининг энг юқори даражасига чиқиши ва кучли рақиблар билан рақобатлашишига ишонч билдирмоқда.

«Менда келаси мавсум биз анча кучлироқ бўламиз деган ишонч бор. Биз ҳақиқий кучимизни намойиш этамиз ва рақиблар билан муносиб рақобатга киришамиз. Бу билан келаси мавсумда биз албатта АПЛда ғалаба қозонамиз, Чемпионлар лигаси ёки кубокларда якуний босқичларга чиқамиз, деган кафолат бера олмайман. Чунки футболчиларимда деярли дам олиш имконияти бўлмайди. Аммо шунга ишонаманки, йигитларим яхши ўйин кўрсатади», — деди Гвардиола.

Маълумот учун, «Манчестер Сити» ва «Ноттингем Форест» жамоалари ўртасидаги Англия кубоги ярим финал баҳси 27 апрель куни Тошкент вақти билан соат 20:30 да старт олади. Бу ўйинда ғолиб жамоа Англия кубогининг финалига йўл олади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Гвардиола мавсумдан норози: «Бу мавсум биз учун яхши ўтмаяпти, лекин...»