
Мадриднинг «Реал» клуби матбуот хизмати эртага «Барселона»га қарши ўтадиган Испания Кубоги финали олдидан кескин ва жиддий баёнот билан чиқди. Бунга ҳакамлар бригадасининг ўйин олди матбуот анжуманида айтган гаплари сабаб бўлган. Мадридликлар ушбу сўзларни кескин ва қабул қилиб бўлмас, деб баҳоламоқда.
«Реал» томонидан билдирилишича, ҳакамлардан бири бўлган Рикардо де Бургос Бенгоэчеа ва ВАР ҳаками Пабло Гонсалес Фуэртес финалдан олдин ўтказилган матбуот анжуманида таҳдидли ва қўрқитиш мазмунидаги гапларни айтган. Уларнинг баёнотларида ҳакамлар ўртасида гўёки қандайдир фитналар ёки қўшимча ҳаракатлар бўлиши мумкинлигига шаъма қилинган. Бу эса бутун дунё бўйлаб юз миллионлаб мухлислар диққати қаратилган катта футбол воқеаси олдидан ҳеч қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир.
«Реал Мадрид» клубининг расмий баёнотида қуйидагилар айтилади:
«Биз эртага бўлиб ўтадиган Испания Кубоги финалига тайинланган ҳакамларнинг матбуот анжуманида билдирилган гапларни кескин қоралаймиз ва буни қабул қилиб бўлмас ҳолат деб ҳисоблаймиз. Реал Мадрид TV каби нуфузли ОАВ орқали эълон қилинган танқидий видеоларга қарши ҳакамлар очиқдан-очиқ душманлик ва таҳдидли муносабат билдирмоқда. Бу эса адолат, холислик ва бетарафлик каби асосий спорт тамойилларига буткул зиддир».
Мадрид клуби шунингдек, Испания Футбол Федерацияси (RFEF) ҳамда ҳакамлар ҳайъатининг масъул шахсларидан мазкур ҳолат юзасидан жиддий ва қатъий чора кўришларини талаб қилмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, ҳакам Рикардо де Бургос Бенгоэчеа мазкур матбуот анжуманида Реал Мадрид TV телеканали томонидан қилинган танқидий видео сабаб ҳатто йиғлаб юборган. У бу ҳолатни фарзанди мактабдан йиғлаб келиб, отасини ўғирликда айблашганини эшитган вазиятга ўхшатган.
ВАР ҳаками Пабло Гонсалес Фуэртес эса клуб телеканалида эълон қилинган видео сабаб жиддий оқибатларга дуч келишини ваъда қилган. Бунинг ортидан эса «Реал» ҳакамлар бригадасини алмаштириш бўйича кескин талаб билан чиққан ва ҳатто финалда иштирок этмаслиги мумкинлигини ҳам билдириб ўтган эди.
Шунингдек, Мадрид клуби «Барселона»га қарши ўтадиган финал олдидан бўлиши лозим бўлган матбуот анжумани, фотосессия ва машғулотларни бекор қилган. Ундан ташқари, RFEF вакиллари билан режалаштирилган кечки овқатга ҳам боришдан бош тортган.
Эслатиб ўтамиз, Испания Кубогининг финал баҳси 26 апрелдан 27 апрелга ўтар кечаси, Тошкент вақти билан соат 01:00да старт олади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар