
Испания кубоги финалида «Барселона» ўзининг ашаддий рақиби бўлган «Реал Мадрид» жамоасини 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ушбу кескин ва кўтаринки руҳда кечган беллашувдан сўнг каталонияликлар бош мураббийи Ханс-Дитер Флик ўзининг ҳис-туйғулари ва фикрлари билан ўртоқлашди.
«Ўйинчиларим билан чин дилдан фахрланаман ва улар билан ғурурланаман. Бугун жамоа ўзини бутунлай бошқа даражада намоён қилди. Уларнинг майдондаги кураши, ғалабага бўлган катта иштиёқлари ва охирги сониягача курашгани таҳсинга сазовор. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдираман», — дейди мураббий.
Фликнинг таъкидлашича, классикода эришилган бундай ғалаба нафақат жамоа, балки минглаб мухлислар учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
«Эл-Класико» финалида ғалаба қозониш — бу жуда катта шараф ва масъулият. 26 000 нафар мухлис ва майдондаги барча футболчилар бу ғалабага муносиб эди. Улар учун ҳам чин дилдан хурсандман», — деди немис мутахассиси.
Шу билан бирга, Флик ғалаба билан тўхтаб қолмасликларини, жамоа олдида янги ва катта мақсадлар турганини ҳам эслатиб ўтди.
«Ҳозирча бу зафарни байрам қиламиз. Лекин бу ғалаба бизга янада катта куч ва мотивация беради. Бизнинг кейинги асосий вазифамиз — требл (учта соврин) ғолиби бўлишдир. Бунинг учун бизда жуда яхши имконият бор, ва биз шу йўлда кўпроқ меҳнат қилишимиз керак», — дея таъкидлади Флик.
Ушбу ғалаба билан Флик жамоаси мавсумнинг энг муҳим босқичларидан бирини муваффақиятли якунлади. Энди мухлислар «Барселона»дан янада юқори натижаларни кутишмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар