
Бугун кечаси футбол мухлислари эътибори Милан шаҳрига қаратилади, чунки Чемпионлар лигаси ярим финалининг жавоб баҳсида «Интер» ва «Барселона» жамоалари ўзаро кураш олиб боради. Учрашувдан аввал Милан клуби бош мураббийи Симоне Инзаги матбуот анжуманида жамоанинг тактикаси ва рақибнинг энг хавфли ўйинчиси ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Матбуот анжуманида Симоне Инзаги «Барселона»нинг ёрқин юлдузи, каталонияликларнинг етакчиси бўлган 17 ёшли Ламин Ямал ҳақида ҳам гапириб ўтди. Мутахассис бу иқтидорли ўйинчига қарши алоҳида эътибор қаратилиши, лекин уни тўлиқ зарарсизлантириш имконияти камлигини тан олди.
«Ламин Ямал? Унга қарши алоҳида режамиз бор. Тўп унинг оёғига тушишига йўл қўймасликка ҳаракат қиламиз, аммо бу деярли иложсиз вазифа. Шунинг учун у доимий равишда икки футболчимиз томонидан жиддий назорат остида бўлади. Уни диққат билан кузатиб, ҳаракатларини чеклашга уринмоқчимиз. Лекин уни тўхтатиш қанчалик қийинлигини яхши биламиз», – деди Симоне Инзаги.
Ёш Ламин Ямал бу мавсумда Чемпионлар лигаси мусобақасида порлаб, кўплаб етакчи клубларнинг диққат марказига тушган эди. Унинг тезлиги, техник маҳорати ва гол уриш қобилияти каталонияликлар учун ҳақиқий янгилик бўлди. Бу ёш футболчи биринчи баҳсда ҳам «Интер»га қарши ўйинда бир гол ва бир ассист билан жамоасига катта ёрдам берганди.
Эслатиб ўтамиз, икки жамоа ўртасида Каталонияда ўтган биринчи ярим финал учрашувида мухлислар ажойиб ва голларга бой ўйинга гувоҳ бўлган эди – учрашув 3:3 ҳисобида дуранг билан якунланганди. Бу эса жавоб баҳсини янада қизиқарли ва кескин курашларга бой бўлишини англатмоқда.
Бугунги ўйин Миландаги машҳур «Сан-Сиро» стадионида бўлиб ўтади. Учрашув Тошкент вақти билан 6 майдан 7 майга ўтар кечаси, соат 00:00 да старт олади. Учрашувни таниқли полшалик рефери Шимон Марчиняк бошқариб боради.
Мухлислар бу жанговор ўйинда ким ғалаба қозониб, финалга йўл олишини сабрсизлик билан кутмоқда. Бугун футбол мухлисларини ажойиб кеча кутмоқда! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар