
Жорий ҳафтада Туркиянинг Истанбул шаҳри дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги нуфузли «European Cup – 2025» турнирига мезбонлик қилди. Унда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, халқаро майдондаги обрўсини яна бир бор намоён этди.
Ушбу нуфузли спорт тадбирига дунёнинг қарийб 30 мамлакатидан 500 нафардан зиёд истеъдодли дзюдочилар ташриф буюрган эди. Кучли рақобат ва кескин курашларга бой бўлган турнирда Ўзбекистон ёшлари ёрқин чиқишлари билан мухлисларнинг эътиборини тортишга муваффақ бўлди.
Хусусан, ўз вазн тоифаларида гиламга чиққан икки вакиламиз — Аселхан Аралбаева ҳамда Умида Ниғматова барча рақибаларини енгиб, муносиб равишда олтин медаллар эгасига айланди. Бу ёш дзюдочиларнинг ҳар бир ғалабаси мамлакатимизнинг спорт соҳасидаги салоҳиятини кўрсатувчи муҳим воқелик бўлди.
Ўғил болалар ўртасида ҳам ёш дзюдочиларимиз жуда яхши натижалар кўрсатишди. Мусобақанинг финалигача етиб борган Дилшодбек Ҳамроев (-66 кг) ҳал қилувчи беллашувда кичик фарқ билан мағлуб бўлиб, шарафли кумуш медалини қўлга киритди. Ундан ташқари, яна бир вакилимиз Бунёд Сафаров (-73 кг) бронза медали билан юртимизга қайтадиган бўлди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ёш дзюдочилари бу мусобақада умумжамоа ҳисобида ҳам юқори натижа қайд этди. Икки олтин, бир кумуш ва бир бронза медалини қўлга киритган жамоамиз умумий рейтингда иккинчи ўринни эгаллаб, халқаро спорт майдонида мамлакат обрўсини яна бир бор мустаҳкамлади.
Мазкур натижалар келажакда ўзбек дзюдосининг катта халқаро майдонларда янада юксалиши учун янги умидлар уйғотмоқда. Спорт мутахассислари ва тренерлар ушбу ёш истеъдодларнинг келгуси турнирларда янада ёрқин натижалар кўрсатишларига ишонч билдирмоқда.
Табриклаймиз, чемпионлар! Юқори марраларга интилишда давом этинг! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар