date
views 2 233

Президент Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларига табрик йўллади

Президент Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларига табрик йўллади
Президент Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларига табрик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Бир оз аввал Ўзбекистон МТЖ Жаҳон Чемпионати йўлланмасини қўлга киритган эди.

Қадрли фарзандларим!

Аввало, сиз, азизларни Осиёнинг энг кучли жамоалари иштирок этган саралаш ўйинларида чинакам жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб, том маънода улкан ғалабага эришганингиз – Ватанимиз тарихида биринчи марта жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ҳеч шубҳасиз, миллий спортимиз солномасига олтин ҳарфлар билан битиладиган бундай ёрқин натижа юртимиздаги миллионлаб футбол мухлислари, бутун халқимизнинг неча йиллик орзуси эди, десак, тўғри бўлади. Сизлар профессионал билим ва малакангиз, тажриба ва маҳоратингиз, энг муҳими, юксак иродангиз ва ғалабага бўлган ишончингиз билан ана шундай орзуни реал ҳақиқатга айлантирганингиз ҳар қандай таҳсин ва тасаннога муносибдир.

Мана шу мунаввар оқшомда – қутлуғ зафар айёмида кўпмиллатли бутун Ўзбекистон халқи сизлар билан ҳақли равишда фахрланмоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Саралаш ўйинлари нақадар кучли рақобат остида, кескин ва шиддатли курашларда ўтгани, терма жамоамизга нисбатан турли босимлар бўлганига қарамасдан, сизлар зарур очколарни жамғариб, азм-у шижоатли Янги Ўзбекистон ёшлари қандай юксак марраларни эгаллашга қодир эканини яна бир бор амалда исботладингиз.

Сизларнинг ана шундай ғоят масъулиятли турнирдаги муносиб иштирокингиз кейинги йилларда мамлакатимизда спортга, жумладан, унинг энг оммавий тури бўлган футболга берилаётган улкан эътиборнинг яна бир буюк амалий натижаси сифатида ҳам биз учун ғоят қадрлидир.

Аминман, бу тарихий ютуқ халқимизни эзгу мақсадлар йўлида янада бирлаштиради, минг-минглаб ёшларимиз учун илҳом манбаига, ибрат тимсолига айланади, Янги Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътиборини янада оширишга хизмат қилади.

Сизлар футбол майдонларидаги мана шундай шонли ютуқдан янги куч ва руҳ олиб, келгуси йили АҚШ, Мексика ва Канада давлатларида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё қитъасининг биринчи ва ягона вакили бўлишдек юксак шарафни чуқур ҳис этган ҳолда, янада катта жонбозлик кўрсатасизлар, деб ишонаман.

Мана шу шукуҳли айёмда сизларни доимо қўллаб-қувватлаб келаётган меҳрибон ва талабчан устоз-мураббийларингиз, миллий терма жамоамизнинг барча аъзоларини, сизларга бахт ва омад тилаб, кеча-ю кундуз дуода бўлиб келган ота-оналарингиз, ака-ука, опа-сингил ва барча яқинларингизни ўз номимдан, бутун халқимиз номидан қизғин табриклаб, уларга самимий миннатдорлигимни билдираман.

Сизлар муқаддас Қурбон ҳайити кунларида халқимизга байрам совғаси сифатида олиб келаётган ушбу унутилмас тарихий ғалаба барчамизга муборак бўлсин!

Зафарли одимларингиз бардавом бўлсин, азиз фарзандларим!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Президент Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларига табрик йўллади