
Ўзбекистон U-17 терма жамоаси ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида, бир қатор кучли рақибларга қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказишда давом этмоқда. Океан ортида ташкил этилган навбатдаги ўқув-машғулот йиғинида ёш футболчиларимизга Чили ва Боливия терма жамоалари синов вазифасини ўтаб берди. Бу йиғин нафақат жисмоний, балки психологик ва тактик жиҳатдан ҳам муҳим сабоқлар беришга хизмат қилди.
Бош мураббий Ислом Исмоиловнинг сўзларига кўра, Чили ўсмирларига қарши ўтказилган ҳар иккита учрашувда ғалаба қозонилди. Шу билан бирга, рақибнинг юқори даражадаги жисмоний бақувватлиги, техник етуклиги ва доимий прессинг остида ҳаракат қилиши ўзбекистонлик футболчиларга катта тажриба олиш имконини берди. Биринчи учрашувда позицион ҳужумлар орқали рақибни босим остида ушлаб туришга эришилди, иккинчи баҳсда эса 7 нафар футболчида таркиб ўзгаришлар бўлишига қарамай, керакли натижага эришилди.
Боливия билан бўлган беллашув эса анча қизиқ ва синовли тарзда ўтди. Денгиз сатҳидан 3600 метр баландликдаги шароит жамоа учун жисмоний жиҳатдан жиддий қийинчилик туғдирди. Биринчи учрашувда тўлиқ устунлик ва ўйинни назорат қилишга қарамай, ҳимоядаги хатолар туфайли мағлубиятга учралди. Бош мураббийга кўра, бу нафақат тактик, балки физиологик омиллар билан ҳам боғлиқ бўлди. Қисқа вақт ичида иқлимга мослашиш осон бўлмаса-да, иккинчи учрашувда қилинган тактик ўзгаришлар самара берди ва ғалаба қайд этилди.
Жамоанинг асосий ҳужумчиси Асилбек Алиевнинг қизил карточка олиши масаласи ҳам четлаб ўтилмади. Интизом ва ҳиссиётларни бошқариш – ёш футболчилар учун асосий талаблардан бири. Мураббий бу воқеадан тўғри хулоса чиқарилишини ва бундай ҳолат такрорланмаслиги учун керакли ишлар амалга оширилишини таъкидлади.
Ислом Исмоиловга кўра, мазкур йиғин Жаҳон чемпионатига босқичма-босқич, яхлит ва мақсадли тайёргарлик кўришга хизмат қилади. Эндиликда ўтган ўйинлар теран таҳлил қилиниб, хатолар устида жамоавий ва индивидуал иш олиб борилади. Жисмоний тайёргарлик ва тактик машғулотларни янада чуқурлаштириш, рақибларни ўрганиш асосий устувор йўналиш бўлади. Терма жамоа режа асосида мунтазам тайёргарликни давом эттиради ва ўз олдига қуйган мақсад сари дадил илгарилайди.
Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионати олдидан халқаро синовларда ўзини кўрсатиб, ёш футболчиларимиз учун жуда муҳим тажриба ва руҳий баркамолликни оширмоқда. Бу йиғинлар келажак чемпионлар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар