date

Ҳожимат Эркиновнинг собиқ клуби РПЛдан расман четлатилди

Ҳожимат Эркиновнинг собиқ клуби РПЛдан расман четлатилди
Россия футболида кутилмаган воқеа юз берди. "Матч ТВ" тарқатган расмий маълумотларга кўра, Москванинг машҳур "Торпедо" клуби 2025/26 йилги Россия Премьер-лигаси иштирокчилари рўйхатидан чиқариб ташланди. Бу қарор ортида эса жиддий шубҳалар ва судгача етиб борган жанжаллар ётибди, деб хабар берди Матч ТВ.

Маълумки, “Торпедо” жамоаси 2024/25 йилги мавсумда Биринчи лигада иккинчи ўринни эгаллаб, Премьер-лига йўлланмасига эга чиққан эди. Аммо шунинг ўзи ҳам улар учун катта муаммоларнинг бошланиши бўлди.

Айни шу мавсумнинг ҳал қилувчи — 34-турида “КАМАЗ”га қарши ўйинда 1:1 ҳисобидаги дуранг “Торпедо”нинг тўғридан-тўғри элитага чиқиши учун етарли бўлган. Аммо орадан кўп ўтмай, мазкур учрашувда ҳакам Богдан Головконинг “Торпедо” фойдасига қасддан хатога йўл қўйгани ҳақида шубҳалар пайдо бўлди. Полиция томонидан ўтказилган тергов натижасида ҳакам расман қўлга олинди.

Шу билан бирга, клуб эгалари ва раҳбарияти ҳам бу шубҳали ишга аралашганликда айбланди. “Торпедо”нинг ҳаммуассиси Леонид Соболев ва клуб директори Валерий Скородумовга расмий мусобақа натижасига ноқонуний таъсир кўрсатиш айби қўйилиб, улар 2 ойлик қамоқ жазосига маҳкум этилди.

Бу ҳолат Россия футболида катта шов-шувларга сабаб бўлди. Ҳозирча "Торпедо"нинг ўрнига РПЛда қайси жамоа ўйнаши ҳақида маълумот берилмаган.

Эътиборлиси, мазкур клуб ўзбекистонлик мухлислар учун ҳам бегона эмас. 2022/23 йилги мавсумда мамлакатимиз терма жамоаси вингери Ҳожимат Эркинов айнан "Торпедо" сафида тўп сурган ва бир неча муҳим ўйинларда ўзини кўрсата олган эди.

Футбол муҳитидаги бундай шубҳали ҳолатлар жамоалар имиджига ҳам, лигалар нуфузига ҳам салбий таъсир ўтказиши табиий. Ҳозирча “Торпедо” клуби келгуси тақдири қандай бўлиши борасида изоҳ бермаган. Аммо бир нарса аниқ: адолатсиз йўл билан эришилган муваффақият ҳеч қачон узоққа бормайди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ҳожимат Эркиновнинг собиқ клуби РПЛдан расман четлатилди