
Европа футболида яна кутилмаган трансфер янгиликлари: “Реал Мадрид” раҳбарияти бу ёзда жамоа маошлар фондини қисқартириш ва активларни эркинлаштириш ниятида австриялик ҳимоячи Давид Алабани сотиш ҳақида қарор қабул қилди, деб хабар берди as.com. Клуб учун катта маблағ сарфланаётган тажрибали ҳимоячининг келажаги ҳозирда муҳокамалар марказида.
Шу билан бирга, Давид Алабанинг ўзи клубни тарк этишга ҳозирча рози эмас ва амалдаги шартномаси якунлангунича “Қироллик клуби” сафида қолиш нияти борлигини билдирган. Австриялик ҳимоячининг мадридликлар билан тузган келишуви 2026 йилнинг 30 июнигача амал қилади. Таъкидланишича, Алаба келаси ёз бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатигача юқори спорт формасини тиклаб олиш мақсадида айнан “Реал”да қолишни ихтиёр этмоқда.
33 ёшли футболчи учун сўнгги мавсум мураккаб кечди: у июнь ойи охирида оғир жароҳат олган ва ҳозирда унинг кейинги тақдири реабилитация жараёни натижаларига боғлиқ бўлиб турибди. Клубда эса Алабани сотиш орқали маошлар юкини енгиллаштириш ва бошқа трансферларга йўл очиш мақсади турибди.
Малумотларга кўра, Давид Алаба нафақат Испанияда, балки бутун Европада энг кўп маош оладиган иккинчи ҳимоячи ҳисобланади. Мадрид суперклубида эса, фақат Килиан Мбаппе ва Винисиус Жуниор Давиддан кўп маблағ олади. Оммавий ахборот воситалари ёзишича, Алабанинг ҳафталик маоши 415 минг еврони ташкил қилади.
Кейинги мавсумларда Алабанинг жамоага ёрдами анча камайган. Кетма-кет оғир жароҳатлар ва тикланиш жараёнлари туфайли ўтган мавсумда у атиги 14 та учрашувда иштирок этди.
Футбол экспертлари бу ҳолатда клуб ва футболчи учун оптимал ечим топиш кераклигини таъкидлашмоқда. Агар реабилитация муваффақиятли кечса, Алаба “Реал” сафида яна ўзига хос ўрин эгаллаши мумкин. Бироқ, клубнинг молиявий сиёсати ва трансфер стратегиясида катта ўзгаришлар бўлиши эҳтимоли юқори. Мухлислар эса Давид Алабанинг келажаги борасидаги қарорни интиқлик билан кутмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар