date

Максим Шацких: Иккинчи бўлимда жамоам тўлиқ очилди

Максим Шацких: Иккинчи бўлимда жамоам тўлиқ очилди

Суперлига 16-тури доирасида “Андижон” ва “Қўқон-1912” жамоалари ўртасида бўлиб ўтган ўйиндан сўнг, мезбонлар бош мураббийи Максим Шацких журналистлар билан мулоқотда бўлди, деб хабар берди championat.asia.

Мутахассис дастлабки таймга тўхталиб ўтар экан, ўйинни кутилган даражада бошлай олмаганини тан олди. Бироқ биринчи 15 дақиқаликдаги ҳаракатлар унга маъқул келган.

— Биринчи бўлим биз режалаштирган сценарийга тўлиқ мос келмади. Шунга қарамай, дастлабки 15 дақиқаликдаги ҳаракатларимиз менга ёқди. Ўйин олдидан келишилган тактикалар амалга ошган ҳолда бошланди десак, хато бўлмайди. Кейин эса жамоа орқага сурилди. Боз устига, футболчиларнинг юзида кучли эмоционал босим сезилиб турди. Стадионга жуда кўп сонли мухлислар келгани, футболчиларни ҳаяжонлантирди. Танаффусда эса камчиликларни таҳлил қилдик ва баъзи жиҳатларни тўғрилашга ҳаракат қилдик.

Иккинчи тайм ҳақида гап кетганда эса, Шацких жамоаси ўзи истаганча ўйнаганини таъкидлади:

— Танаффусдан сўнг майдонда тамоман бошқа жамоа пайдо бўлди. Биз футболчиларимиз олдига гол уриш каби аниқ вазифани қўйдик. Шу орқали ўйин бутунлай бошқача ранг олди. Иккинчи бўлимда шогирдларимни алоҳида таърифлашим мумкин. Улар ўйинга тезлик киритишди, тўпни кўпроқ ҳаракатлантиришди. Шу боис, иккинчи бўлимдаги барча ҳаракатларимиз натижа берди. Фақатгина майдоннинг ҳолати бизни бироз қийин ҳолатда қолдирди. Чунки охирги бир ой ичида бу ерда бўлмаганмиз. Биз комбинацион футбол кўрсатишни хоҳлагандик, аммо буни доим ҳам бажара олмадик.

Матбуот анжумани давомида Шацких янги футболчилар, дарвозабоннинг ўйини ва жароҳатлар масаласига ҳам тўхталди.

— Бугунги баҳсда барча футболчиларнинг ҳаракатларидан қониқдим. Асосий таркибда янги футболчилардан 5 нафарини майдонга туширдик. Улар жамоага яқинда қўшилган. Бироқ уларнинг умумий савияси етарли даражада яхши. Футболчилар ўзаро тушуниш борасида ҳеч қандай муаммо туғдиришмади. Биз ҳар бир ўйин орқали ўз ўйинимизни ривожлантириб борамиз, — деди у.

Журналистлар Шаҳзод Азмиддинов ва бошқа айрим футболчиларнинг ҳолатини ҳам сўрашди. Шацких бу саволларга шундай жавоб берди:

— Азмиддиновнинг ҳозирги ҳолати яхши. Унинг танасида жиддий жароҳат йўқ. У “Пахтакор”дан келган. У ерда машғулотлар тизими бошқача бўлган. Шу сабабли у жамоамизга турлича тайёргарлик билан қўшилди. Шунингдек, у кўп муддат ёшлар жамоасида ҳаракат қилган. Ёш футболчилар билан ишлашда жисмоний жиҳатдан жиддий машқ қилдириш керак бўлади, бу эса унга осон эмас. Суннатилло Ҳамиджонов ҳам кўп машғулотларни ўтказиб юборган. Исмоил Акиноде эса маълум бир вақт футболдан узоқлашганди ва у индивидуал тайёргарлик билан шуғулланди. Уларнинг барчасини аста-секин асосий таркибга қўшиб борамиз. ОЧЛ ўйинларигача энг яхши ҳолатда бўлишимиз керак.

Шунингдек, дарвозабоннинг ҳаракатлари ҳақида шундай деди:

— Бугунги баҳсда у ажойиб ўйин намойиш этди. Айниқса, муҳим эпизодлардаги ҳаракатлари юқори баҳога лойиқ.

Сўнгги саволлардан бири эса Бектемир Абдуманнонов ва Дониёр Абдуманнопов ҳақида бўлди:

— Уларнинг позицияларини ўзгартиришига ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Буни ҳатто ўзлари ҳам ҳал қилишлари мумкин. Биз уларга бундай масалаларда эркинлик берганмиз. Агар рақиб ҳимоячиси бир футболчини “ўқиб олган” бўлса, унинг позицияси ўзгартирилиши мумкин. Бу эса рақиб ҳимоячиларига янада кўпроқ муаммо туғдиради. Шу боис, биз буйруқ бермаймиз, бундай қарорни уларнинг ўзи ҳам қабул қилиши мумкин.

Шацкихнинг бу гаплари жамоада эркин муҳит борлигини яна бир бор исботлайди. “Андижон” иккинчи давра олдидан кучли тайёргарлик кўраётгани, футболчиларнинг бир-бирини тўғри тушунаётгани ва жамоа ичидаги соғлом рақобат бу клубни янада юқори натижалар сари етаклаши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Максим Шацких: Иккинчи бўлимда жамоам тўлиқ очилди